Тарбия педагогикаси – янги даврнинг маънавий эҳтиёжи

 

Яқинда давлатимиз раҳбари мактаб таълими сифати ва педагоглар малакасини ошириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишдилар. Ушбу тадбирда Қори-Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти негизида Тарбия педагогикаси миллий институтини ташкил этиш таклифи ҳам муҳокама қилингани фақатгина соҳа ходимларида эмас, балки кенг жамоатчилик, халқимиз орасида ҳам катта қизиқиш уйғотди.

Ушбу янгиланган институтга уч халқа “маҳалла-ота-она-мактаб” ҳамкорлигини кучайтириш, тарбияга доир адабиётлар яратиш, жадид боболаримизнинг тарбиявий ғояларини илмий тадқиқ этиш вазифаларини қўйиш баробарида 5 та ихтисослик бўйича илмий кенгаш фаолияти ҳамда магистратура ва докторантура бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш каби муҳим вазифалар топширилди.

Тарбия педагогикаси миллий институтини ташкил этишнинг тарихий аҳамияти нимада ва у қандай мақсадга қаратилган, деган савол туғилиши табиий. Аввало шуни таъкидлаш керакки, тарбия – бугун жамиятимизга сув ва ҳаводек зарур бўлган, фаровон турмушимизни таъминлашнинг энг ишончли йўли ва кафолатидир. “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” деган иборанинг ўзи буни яққол тасдиқлаб турибди. Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунида “тарбия” деган тушунчага “аниқ мақсадли ҳамда ижтимоий-тарихий тажриба асосида ёш авлодни ҳар томонлама камол топтиришга, уларнинг онгини, маънавий-ахлоқий қадриятлар ва дунёқарашини шакллантиришга қаратилган тизимли жараён”, деб таъриф берилганлиги кўп нарсани англатади. Айниқса, бугунги янгиланиш даврида тарбия жараёни мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этадиган, унинг келажаги, халқимизнинг эртанги куни ва истиқболини белгилаб берадиган омил сифатида тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётгани ҳам айни ҳақиқатдир.

Халқимиз орасида, бадиий ва илмий адабиётларда “Инсоният тарихи – ғоялар тарихи”, “Башарият тарихи – маънавият тарихи” деган иборалар бор. Аслида “Инсоният тарихи – тарбия тарихи” деган ибора ҳақиқатга яқин, десак тўғри бўлади. Чунки одамзот пайдо бўлибдики, тарбия деган тушунча бор. Аниқроқ айтсак, “инсон” ва “тарбия” деган тушунчалар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ атамалардир.

Аслида, “таълим” билан “тарбия” ўзаро алоқадорликда, узвий боғлиқликда ва ўзаро таъсирда бўлган, бир-бирини тақозо этадиган, бир-бирини тўлдириб ва бойитиб борадиган тушунчалардир. Шу боис, давлатимиз сиёсатида баркамол авлод тарбиясини таълимни ривожлантириш жараёнлари билан узвий алоқадорликда олиб бориш устувор аҳамиятга эгадир.

Юртимизда ташкил этилажак Тарбия педагогикаси миллий институти фаолиятида ана шу масала устувор аҳамият касб этиши табиий, албатта. Энг аввало, мактабларда тарбия фанини ўқитишнинг сифати ва натижадорлигини ошириш фақатгина мактабгача ва мактаб таълими ёки олий таълим, фан ва инновациялар вазирликларининг эмас, айнан мана шу олийгоҳнинг ҳам фаолияти мазмунига айланса, тарбиядан кўзланган мақсадларга эришиш имкониятлари ошади.

Ҳозирги кунда тарбия фанини ўқитиш борасида қандай жараён кузатиляпти, ушбу фаннинг илмий ва ўқув-методик таъминоти, фаннинг истиқболлари қандай? Шу каби масалаларни ўрганиш, илмий тадқиқ этиш, ушбу фанни ўқитишнинг энг қулай, замонавий педагогикага асосланган ечимларини топиш ва амалиётга жорий этиш янги миллий институт фаолиятида муҳим йўналиш бўлиб қолишига мутахассис педагоглар катта умид боғламоқдалар.

Ҳукуматимиз 2019 йил 31 декабрда Узлуксиз  маънавий тарбия концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилган эди. Ушбу ҳужжат асосида тарбия фани, уни ўқитишга доир концепция тасдиқланиб, унда ёш авлод тарбияси билан боғлиқ ишларни янги, замонавий босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим вазифалар, мақсад ва йўналишлар белгилаб берилди. Ушбу концепцияда белгиланган тадбирлар ёшларимизни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, истеъдодини рўёбга чиқариш, уларни юрт тараққиёти мақсадларига йўналтириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлашгахизмат қилади.

Ҳукуматнинг 2020 йил 6 июндаги “Умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия” фанини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2020-2021 ўқув йилидан умумтаълим мактабларида “Одобнома”, “Ватан туйғуси”, “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари” ҳамда “Дунё динлари тарихи” фанларини бирлаштирган ҳолда ягона “Тарбия” фани 1-9-синфларда жорий этилди. Сўнгра, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб 10-11-синфларда ушбу фан босқичма-босқич амалиётга жорий этилиши белгилаб қўйилди. Олий таълим муассасаларида ҳам тарбия фанидан дарс берувчи бўлажак педагоглар учун бўлажак 30 соатлик ҳажмда ушбу фанни ўқитиш методикаси бўйича машғулотлар ўтказилмоқда.

Умумтаълим мактабларида тарбия фанидан кимлар дарс бериши мумкин, деган савол ҳам ўзининг жавобини топди: ушбу вазифа бошланғич, яъни 1–4-синфларда бошланғич синфлар раҳбарлари, 5-11-синфларда эса аввалги Ватан туйғуси, Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари, шунингдек, тарих, она тили ва адабиётдан дарс берувчи ўқитувчиларга юклатилди.

Баъзилар педагогикани бола ҳақидаги фан деб тушунадилар. Тўғри, “педагогика” деган сўзнинг маъноси “бола етаклайман” дегани бўлса-да, ушбу фан энг аввало инсон ҳақидаги, унинг тарбияси ҳақидаги фандир. Француз адиби Антуан Сент-Экзюпери бежиз “Тарбия таълимдан устун туради. Инсонни тарбия вояга етказади”, деб айтмаган. Шу маънода “тарбия педагогикаси” деган ибора чуқур фалсафий мазмунга эга бўлган тушунчадир.

Тарбия педагогикаси, аввало, ўқувчи ёшларнинг билим олишга, меҳнатга бўлган қизиқишини кучайтиради. Шунинг баробарида ўқувчида мулоқот маданияти, коммуникативлик фазилатлари, ақлий салоҳият шаклланиб боради,  билими ва ўзлигини намоён этиш хусусиятлари кучаяди. Ўқувчи ёшларда эътиқод ва ҳаётий позиция шаклланади - қийинчиликлардан қўрқмаслик, мардонаворлик ва мустаҳкам ирода кўникмалари таркиб топади. Унда ўз-ўзига танқидий баҳо бариш, камчилик ва нуқсонларни бартараф қилишга интилиш, ижтимоий нормаларга мос хулқ-атворни эгаллаш кўникмалари шаклланади. Ўқувчида инсонийлик, меҳр-оқибат, ўзгаларни ҳурмат қилиш каби фазилатларни шакллантиришига замин тайёрланади. Унда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, бағрикенглик хусусиятлари қарор топади.

Аслида тарбия фани ўқитувчисини тарбия педагогикасини тарғиб қилувчи мутахассис деб тушуниш мумкин. У педагогик маҳорат билан бир қаторда маънавий ва мафкуравий етуклик, касбига садоқат, уни ҳаётининг мазмуни деб билиш, ватанпарварлик, ғурурлилик, илмга мойиллик, билимдонлик, ташкилотчилик, хушмуомалалик, коммуникативлик каби шахсий сифатларга эга бўлиши лозим.

Бугунги ўқитувчи ўз билим ва тажрибасини тинмай ошириб бориши, бутун ҳаёти давомида ўқувчи бўлиб қолиши керак. Озгина билим олиш учун ҳам кўп ўқиш керак. “Мен кам биламан, лекин билганларимни жуда яхши биламан”, деган экан бир донишманд. Ўқитувчи бўлиш юксак шарафга муяссар бўлиш демакдир. Ҳамма ҳам ўқитувчи бўла олмайди. Ўқитувчиликдан ҳам хайрли иш, хайрли касб дунёда йўқ.

Шарқу Ғарбнинг улуғ донишмандлари ҳикматларида айтилганки, юксак ғоявий мақсадларга асосланмасдан туриб комил инсонни тарбиялаш мумкин эмас. Биз янги даврни, янги Ўзбекистонни барпо этмоқчимиз. Янги Ўзбекистон, энг аввало, маърифатли жамият дегани. Бундай жамиятга маърифатли инсонларгина хос. Бугун тарбия педагогикаси халқимизни маърифатли жамият сари етаклайдиган йўлчи юлдуз – маёқ бўлиши лозим.  

Зайниддин Болтаев,

Комил Ҳайдаров,

Ўзбекистон-Финландия педагогика институти профессорлари.