Тарих тебранишлари

Бу тебранишлар бизни ҳам тебратиб, ғафлатдан уйғотиб юборса, қанийди...

Асли касбим ўқитувчилик бўлгани боис болаларга ҳар турли, қизиқарли саволлар бериб юришни яхши кўраман. Бир гал уларга шундай савол бердим:

– Машина қандай юради?

– Мотори юрғизади, - дейишди ҳозиржавоблик билан.

Ана шундан кейин “иннанкейинлар” бошланиб кетди:

– Моторни нима юрғизади?

– Бензин.

– Бензин қандай юрғизади?

– Ёнади.

– Ёниб қандай юрғизади?

– Мотор ичида портлайди.

– Портласа, мотор ёрилиб кетмайдими?

– Йўқ, поршенни ҳаракатлантиради.

– Қандай ҳаракатлантиради?

– ...

Худди ана шу ерда ўқувчиларни газлар термодинамикасининг иккинчи қонунидан хабарсизлиги панд берди.

Аммо Кремлнинг ҳозирги бош идеологи Владислав Сурков ушбу физик қонуниятни жуда яхши ўзлаштирганини намоён қилди. Унинг яқинда рус оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мақоласи мазмунига кўра, худди молекулалар ҳаракатида тартибсизлик кучайганида газлар кенгайганидек, империяда ҳам тартибсизлик кўпайса, ҳудудлар кенгайиши муқаррар юз берармиш. Сурков ўз мақоласида бунга Иван Грознийдан бошлаб тарихдан кўплаб мисоллар келтиради ва ҳозирги тартибсизлик даврида рус дунёсининг кенгайишини табиий ҳолат, деб ёзади.

Тарих қаърига жуда чуқур кирмасдан жаҳоннинг энг янги тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам унинг ҳақ эканлиги, аммо маълум муддатдан сўнг тарих соати кафгири тескари юришига гувоҳ бўламиз. 

Айтайлик, 1905 йилда бошланган биринчи рус инқилоби оқибатида Россияда сиёсий бошбошдоқлик авж олди. Тарих саҳнасига ҳар хил оқимларга мансуб сиёсий гуруҳлар чиқиб келишди. Улар оқподшони 1914 йилда бошланиб кетган Биринчи жаҳон урушига қўшилишга даъват этишди. Шу баҳонада диндорлар Константинополни ғайридинлардан қайта тортиб олмоқчи бўлса, ҳарбийлар Босфор бўғозини тўла эгалламоқчи, сиёсатчилар эса муқаддам бой берилган Қрим уруши учун Европадан ўч олишга интилишди. Натижада Николай II урушга кириш ҳақида фармон эълон қилди ва бу унинг ўзи, хотини ҳамда болалари қатли учун ўқиган ҳукми бўлди. Константинополь ҳам олинмади, Босфор ҳам эгалланмади, қасос ҳам унутилди. Россия урушда енгилиб, Николай тахтидан ағдарилди, империя парчаланиб кетди. 1918 йилда подшоҳ оиласи билан большевиклар томонидан қатл этилиб қўшмозор бўлди.

Янаям кейинроқ содир бўлган воқеаларга мурожаат қиладиган бўлсак, кечагина ўзимиз гувоҳ бўлган тарих ёдга тушади. Инқилобчиларнинг кекса авлоди дунёни тарк эта бошлагач, янги пайдо бўлган коммунистлар большевикларнинг аввал СССРда коммунизм қуриб, кейин уни бутун дунёга ёйиш ҳақидаги васиятларидан аста-секин воз кечдилар. Ҳар бир коммунист ўз хонадонида коммунизм қуришга киришиб кетди. Халқ оддий кундалик истеъмол маҳсулотларига зор бўлиб турган бир даврда, номенклатурадаги амалдорлар худди коммунизмдагидай яшай бошлашди. Улар учун алоҳида магазинлар, ошхоналар, касалхоналар, курорт ва санаториялар қурила бошланди. Ҳатто қуйи бўғин амалдорларига ҳам “обкомовский” хизмат кўрсатиладиган бўлди. Табиийки, бу ҳолат оддий одамларга ёқмади. Мамлакатнинг турли чеккаларида гоҳ пинҳона, гоҳ ошкора халқ норозилиги кучайди. Айрим шаҳарларда халқ ғалаёнлари юз берди. Сурков назарияси бўйича империяни кенгайтиришга эҳтиёж пайдо бўлди.

1979 йилнинг декабрида шўро қўшинлари Афғонистонга бостириб кирди. Шу маънода, Афғонистоннинг бугунги фожиалари бевосита ўша тарихий гулдуросларнинг акс садоларидир. Ундан кейин юз берган воқеалар ҳаммамизга маълум. Совет қўшинлари Афғонистонни шармандаларча тарк этди, кўп ўтмай қизил империя ҳам йўқликка равона бўлди. Аслини олганда, СССРнинг тарқалиб кетишига афғон воқеалари хамиртуруш вазифасини бажарди.

Россия давлати ҳақида гап кетар экан, унинг тарихидаги маълум бир даврийлик кишини ҳайратлантиради. 1825 йилда декабристлар пойтахт Санкт-Петербургдаги Сенат майдонида қўзғолон кўтариб, давлат сиёсатини ислоҳ қилишга даъват этишди.

1865 йилда Россиядаги ички сиёсий-иқтисодий-ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш мақсадида империяни кенгайтириш учун Туркистонга тажовуз қилинди. 1905 йилда биринчи рус инқилоби бошланиб, подшо ҳокимиятини ағдариш учун тамал тоши қўйилди. 1945 йилда СССР (Россия) Иккинчи жаҳон урушида ғолиб чиқиб, ярим дунёни эгаллади. 1985 йилда СССРни ислоҳ қилиш мақсадида қайта қуриш сиёсати эълон қилинди.

Агар эътибор қилаётган бўлсангиз, ушбу тарихий воқеаларнинг содир бўлишида 40 йиллик қатъий даврийлик кўринади. Тарихнинг ушбу тартибидан келиб чиқадиган бўлсак, 2025 йилда Россияда яна бир тарихий оламшумул воқеа рўй бериши кутилади. Омон бўлсак кўрармиз...

Тарих кафгирининг бу хилдаги тебранишларини умумжаҳон тарихида юз берган ва бераётган воқеалар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Ўрта Осиёдаги биринчи Ренессанс даврида юртимизда ўша даврнинг “Нобель мукофоти”га сазовор юзлаб даҳолар етишиб чиқди. Кейинчалик босқинчи кучларнинг тажовузи туфайли тараққиёт таназзулга юз тутди ва илм-фан инқирозга учради.

Темурийлар даврида яна миллий уйғониш содир бўлиб, юзлаб Мирзо Улуғбекка ўхшаган олимлар, Ҳазрат Навоийга издош ўнлаб шоирларни ҳадя этди. Шундан кейинги тарқоқлик ва маърифий таназзул ХХ аср бошларигача давом этди. Жадидларимиз бошлаб берган уйғониш намоёндалари большевиклар томонидан дастлаб бўғилиб, тирик қолганлари кейинчалик қонга ботирилди.

Ён қўшнимиз Афғонистон мисолида кўрадиган бўлсак, ўтган асрнинг етмишинчи йилларида бошланган тараққиёт ҳаракатига кечагина чек қўйилиб, мамлакат яна юз йил орқага кетди. Бир пайтлар Осиё йўлбарсига айланиш эҳтимоли бўлган Эрон бугун диний-клерикализм ботқоғига ботиб, ўзига душман излаш билан овора. Яқиндагина дунё тараққиётининг думида юрган Малайзия, Сингапур, Жанубий Кореяда иқтисодий, илмий-техникавий мўъжизалар рўй бермоқда. Ҳолбуки, ёнма-ён, битта тилда сўзлашувчи Шимолий Корея ҳар жиҳатдан дунёнинг думига айланиб улгурди.

Бундан кўриниб турибдики, тарих соати кафгирининг қай томонга тебраниши у ёки бу жамиятнинг қайси томонга қараб ҳаракат қилишига боғлиқ экан. Бу борада президентимиз ва ҳукуматимиз олиб бораётган ҳозирги сиёсат ҳар қандай мақтовларга лойиқ. Айниқса, учинчи Ренессансни бошлаш учун кўрилаётган тадбирлар эртага ўз самарасини беради, деб умид қиламиз. Бироқ бу йўлда ҳамма нарса силлиқ ва равон бўлади, деган фикрлар унчалик тўғри эмас. Унда қийинчилик ва машаққатлар, қолаверса, кўзга кўринмайдиган ғов ва тўсиқлар ҳам мавжуд. Булар орасидан мен йирик мамлакатлар томонидан давлат эгаменлигимизга босимлар, диний қарашларнинг радикаллашуви, ақл эгаларини юртимизни тарк этаётганлиги, макроэкономикамизда йўл қўйилаётган хатолар, кенг авж олиб кетган коррупция ва фикрий ялқовлик сингари омилларни алоҳида кўрсатиб ўтган бўлардим. Албатта, бу борадаги муаммолар аста-секинлик билан бўлса-да, бартараф этилади, деб ишонамиз.

Халқимизнинг бир зиёлиси сифатида бугун мени безовта қилиб турган энг катта муаммо ёшларимизнинг келажаги масаласидир. Маълумотларга қараганда, кўплаб қобилиятли фарзандларимиз чет элга ўқиш, иш излаб кетиб деярли қайтмаяпти. Юртимизда қолганлари ҳам эрта яхшироқ яшайлик деб, сердаромадроқ йўлларга кириб кетишмоқда. Тошкент, Самарқанд, Андижон ва Намангандаги мактабларда ўтказилган сўровномалар натижаларига кўра, аълочи ўқувчиларимиз ўқитувчи, инженер ёки шифокор бўлмоқчи эмас. Улар асосан тадбиркор, бизнесмен, прокурор ёки спортчи бўлишмоқчи. Хўп, малакали инженер ёки шифокорларни хориждан таклиф қилишимиз мумкиндир. Аммо юқори малакали ўқитувчиларни чет эллардан олиб келишнинг сира иложи йўқ. Яна кунимиз ўша ўртамиёна кадрларга қоладиган бўлса, учинчи ренессанс шубҳа остига қолмайдими?

Кўриниб турибдики, дунё миқёсидан тортиб чекка қишлоқларимизгача сиёсий-ижтимоий-иқтисодий-табиий муаммолар бир-бири билан узвий боғлиқ. Иқлимнинг глобал илиқлашуви оқибатида оламшумул жараёнлар бошланиб, олис Помир тоғларидаги асрий музликларнинг эриб битиши оқибатида минг йиллик булоқларимиз қуриб қолиши мумкин экан. Демак дунё узвий, дунё ягона. Унинг тебранишлари зора бизни ҳам тебратиб, ғафлатдан уйғотиб юборса...

Худойберди КОМИЛОВ,

сиёсий шарҳловчи.