Тарихдаги энг жасоратли ўғирликлар

Соялаб сирғанувчи сирли қалпоқлар, дадил режалар, изсиз ғойиб бўлганлар – бу ўғирликлар ҳақидаги ҳикоялар ҳар доим тасаввурни ўзига тортиб, киши юрагини жунбушга келтирган. Асрлар давомида дунё ўчмас из қолдирган ҳайратланарли, қизиқарли ва ғайриоддий талон-торожликларнинг гувоҳи бўлиб келди. Ушбу мақолада биз жиноий даҳолар оламига шўнғиймиз ва тарихдаги энг ақлбовар қилмайдиган ўғирликлар ҳақида гапириб берамиз.

 Совет иттифоқидаги сурбетларча қилинган ўғирлик

1922 йилда Кремль вентиляция тизимлари муҳандиси Александр Грановский бошчилигидаги бир гуруҳ “миришкорлар” бу талон-торожликни амалга оширган. Грановский бино ва унинг хавфсизлиги билан яқиндан таниш эди, бу эса унга ишни пухта режалаштириш имконини берди. 18 майдан 19 майга ўтар кечаси унинг жамоаси аввалроқ бурғулаб қўйилган девордаги тешик орқали Кремлга кириб олди. Улар қурилишда тупроқ ташиш учун фойдаланилган ер ости туннелидан фойдаланиб, Россия империясининг тожлари ва заргарлик буюмлари сақланадиган қурол-яроғ қасри (Оружейная палата)га киришга муваффақ бўлишди.

Жамоа 27 та тож, 800 га яқин олмос ва катта миқдордаги қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмларини ўғирлаган. Сўнг девордаги тешикни эҳтиёткорлик билан текислаб қўйиб, худди шу туннель орқали Кремлни тарк этишган.

1925 йилга қадар Грановский ва унинг шериклари бошқа жиноятлар содир этганликда айбланиб, ҳибсга олинмагунча бу ўғирлик фош этилмади. Бу вақтга келиб, заргарлик буюмларининг аксарияти аллақачон қора бозорда сотилган ёки чет элга жўнатилган эди. Воқеа Совет иттифоқидаги энг машҳур жиноятлардан бирига айланди ва кўплаб афсона ва ҳикоялар мавзуси бўлиб қолди.

Томас Блад

1671 йилнинг май ойи кунларидан бирида Томас Блад ва унинг шериклари яширинча, қўриқчиларни сездирмасдан Лондон минорасига кириб, қимматбаҳо тошлар билан безатилган Британия монархияси тожини олиб чиқишга муваффақ бўлади. Блад тезда қўлга олинган бўлса-да, жасорати ва устамонлигидан ҳайратда қолган қирол Карл II нафақат унинг ҳаётини сақлаб қолади, балки Ирландия ерларидан унга йирик поместье ҳам беради.

Фитначи ва жосус сифатида танилган Блад 1680 йилда вафот этганида расмийлар, у ўз ўлимини сохталаштирмаганига ишонч ҳосил қилиш учун ҳатто унинг жасадини эксгумация қилишни буюрган.

Мона Лиза

Тарихдаги энг жасоратли ўғирликлардан бири 1911 йилда содир бўлган Париждаги Лувр музейидаги буюк Леонардо да Винчининг машҳур сурати - Мона Лизанинг ўғирланиши эди. Кунларнинг бирида ойна солувчи бўлиб ишлаган Винченцо Перруджиа суратни ҳеч ким томонидан қўриқланмаётганини пайқаб қолиб, уни ўғирлаш васвасасига қарши тура олмади. Винченцо шундоққина уни девордан ечиб олди, йўл-йўлакай зинапояда рамкадан ажратди, сўнг Жокондани пальтоси остига яширди ва ҳеч нарса бўлмагандек музейни тарк этди. Суратни икки йил давомида Париждаги квартирасидаги қўш тубли чамадонида сақлади. Қароқчи ўғирланган расмни Италияда сотмоқчи бўлганида қўлга олинди.

Аср ўғирлиги

1976 йилнинг 19 июлида таниқли француз босқинчиси Альберт Спажиари бошчилигидаги жиноятчилар олдиндан канализациядан депозитарийгача қазиб қўйилган саккиз метрлик ўтиш жойидан “Société Générale” банкига кириб олишди. Дам олиш куни бўлганлиги сабабли, банкда ҳеч ким бўлиши мумкин эмас эди. Улар у ерда бемалол ўтириб олиб, қимматбаҳо шароблар ичиб, "ҳаётдан завқланишди".

Кетиш пайтида Спажиари деворга катта ҳарфлар билан “Нафратсиз”, “Зўравонликсиз” ва “Қуролсиз" деган ёзувларни қолдирди. У ва унинг шериклари томонидан олинган жами ўлжа миқдори замонавий қилиб ҳисобланганда 30 миллион еврони ташкил этди. Бу пуллар ҳалигача топилгани йўқ.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.