Тарихнинг янги саҳифалари очилиш арафасида

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) - минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бўлиб, 2001 йил 15 июнь куни Хитойнинг Шанхай шаҳрида 6 мамлакат - Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари учрашувида тузилган. ШҲТ таъсисчиларидан бири сифатида иштирок этиш ҳақидаги қарорни Ўзбекистон ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб, Марказий Осиё минтақасидаги ҳарбий-сиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда қабул қилди.

2001 йил июнда Шанхайда бўлиб ўтган биринчи саммитда ташкилотнинг мақсад ва принципларини эътироф этган ҳолда қабул қилинган биринчи ҳужжат - “Шанхай ҳамкорлик ташкилотини тузиш тўғрисидаги Декларация” ва “Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш тўғрисида”ги Конвенция бўлди. Ташкилотнинг 2002 йил июнда Санкт-Петербургда бўлган иккинчи саммитида устав ҳужжати - ШҲТ Хартияси тасдиқланди.

2004 йил 1 январдан бошлаб амалий механизми, маъмурияти ва бюджетига асос солинган ШҲТ тўлақонли халқаро ташкилот сифатида тан олинди. Ташкилотнинг фаолият кўламини кенгайтириш мақсадида 2005-2006 йилларда ШҲТнинг Банклараро бирлашмаси, Ишбилармонлар кенгаши ва Форуми ташкил қилинди.

ШҲТнинг олий органи - Давлат бошлиқлари кенгаши ҳисобланади. Ташкилот структураси Ҳукумат бошлиқлари (бош вазирлар) кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Тармоқ вазирликлари ва идоралари раҳбарлари кенгаши, Миллий мувофиклаштирувчилар кенгаши ва доимий ишловчи, Пекин шаҳрида жойлашган котибият ва Тошкент шаҳрида жойлашган Минтақавий аксилтеррор тузилмасидан иборат.

Минтақавий аксилтеррор тузилмаси 2004 йил 1 январдан фаолият кўрсата бошлади. Мазкур тузилма зиммасига ахборот алмашиш, чегара ва божхона қўмиталарининг, махсус хизматларнинг ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, шу орқали террорчиликнинг олдини олиш вазифаси юкланган.

Кузатувчи мамлакатлар билан қўшиб ҳисоблаганда, ШҲТ дунё аҳолисининг ярмини бирлаштиради. Бу эса унинг асосий фаолият йўналишлари – иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашдаги салоҳиятини оширади.

Мамлакатимиз янги ташқи сиёсий фаолият стратегиясининг муҳим тамойиллари – ташаббускорлик, прагматизм ва очиқлик унинг ушбу тузилмадаги иштирокида ҳам ўз аксини топмоқда. ШҲТнинг Остона (2017 йил), Циндао (2018 йил), Бишкек (2019 йил) ва Москва (2020 йил) саммитларида Ўзбекистон томонидан  илгари сурилган ташаббуслар бунинг тасдиғидир.

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 2021 йил 17 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлиси, 20 йиллиги бўлиб ўтган эди. Шундан сўнг ташкилотга раислик қилиш Ўзбекистонга ўтганди.

Жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг 22-саммити бўлиб ўтади. Саммит ишида ШҲТга аъзо мамлакатлар – Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Ўзбекистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, шунингдек, ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлатлар – Беларусь Республикаси, Мўғулистон ва Эрон Ислом Республикаси етакчилари  иштирок этади.

Фахрий меҳмон сифатида Туркия Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Туркманистон ва Арманистон Республикаси, шунингдек, Бирлашган миллатлар ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштироки кўзда тутилган.

Бугун дунё жамоатчилиги нигоҳини Самарқандга тиккан. Жаҳонда тинчликни сақлаш, сайёрамизнинг айрим нуқталарида юзага келган кескинликни юмшатиш, инсоният хавфсизлигини таъминлаш, минтақада барқарорлик ва ривожланишга эришиш йўлидаги Ўзбекистон ташаббуслари мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсатдан далолат беради. Қадим Самарқанд нафақат тарихимиздан гувоҳлик берувчи, балки дунёга янги ташаббус ва ғояларни тақдим этиши, бўлиб ўтадиган халқаро тадбир натижаларига кўра тарихнинг янги саҳифалари яратилиши билан эсда қолади.

Зеро, Ўзбекистон Президенти бежизга “ШҲТ ҳар биримиз кучли бўлган тақдирдагина кучли бўлади”, деган жиддий мулоҳазаларга ундовчи фикрни ўртага ташламади. Қолаверса, давлатимиз раҳбари давом этаётган мураккаб шароитда бу халқаро ташкилот қандай вазифаларни белгилаб олиши ва уларга қандай эришиш хусусида ҳам аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари сураётгани келажагимиз кафолати сифатида белгиланади.

Гулнора ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.