Тавсияномадан фойдаланиш муддати уч йил

Ж.САТТОРОВ,
Каттақўрғон тумани.

– Сизда ҳали имконият бор. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга ҳарбий қисмларнинг қўмондонлиги томонидан олий таълим муассасаларига кириш учун берилган тавсияномалар улар берилган санадан бошлаб, уч йил мобайнида амал қилади.
***
– Қўшимча баллар ҳисобга олинган тақдирда ҳам танловдан ўта олмаганларга имтиёз белгиланганми?
С.ТУРКМАНОВ,
Паст Дарғом тумани.

– Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, аммо улар учун имтиёзлар бўйича белгиланган қўшимча балларни ҳисобга олган ҳолда танловдан ўта олмаган абитуриентларнинг республикадаги бошқа олий ўқув юртларига қабул қилиш тўғрисидаги аризалари тест синовлари тугагандан кейин 10 кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
Бунда абитуриент танлаган бошқа олий ўқув юртларига қабул қилиш тасдиқланган умумий қабул квотаси доирасида, имтиёзлар бўйича белгиланган қўшимча баллни ҳисобга олган ҳолда, фанлар бўйича топширилган тест синовлари фанлар тўплами (блоки) ва абитуриент томонидан тўпланган балларга мувофиқ, таълим йўналишлари бўйича Давлат комиссиясининг қарорига биноан амалга оширилади.
***
– Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келиб, тўлов-контракт асосида ўқишга кирдим. Контракт суммасини тўлашда қандай моддий имтиёзлардан фойдаланишим мумкин?
Б.АБДУСАЛОМОВ,
Пайариқ тумани.

– Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган талабаларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи контракт суммасининг 35 фоизини тўлаш орқали моддий ёрдам кўрсатиши кўрсатиб ўтилган.
Бунда ҳам айрим талаблар бор, яъни собиқ аскар бакалавриатда ўқиши, ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти фаолиятида фаол иштирок этиши, тўлов-шартнома бўйича белгиланган тўлов миқдорининг 65 фоизини белгиланган муддатларда тўлаган бўлиши лозим.

Саволларга Ўзбекистон ёшлар
иттифоқи вилоят кенгаши раиси
Рустам ҚОБИЛОВ жавоб берди.