Тахтақорачада сайёҳлар учун ахборот маркази очилди
– Тахтақорача довонидаги халқаро аҳамиятга эга транспорт йўлидан сайёҳлар кўп ўтади, – дейди вилоят ҳокимлиги масъул ходими Сардор Нормаҳматов. – Шуни инобатга олган ҳолда довон майдонида автоном типдаги мобил санитария ва гигиена шохобчалари бунёд этилди. Шунингдек, бу ерда ташкил этилган ахборот марказидан сайёҳлар ўзларига керакли маълумотларга эга бўлишади.
Мазкур довон атрофида Ургутнинг Омонқўтон қишлоғи ва Китобнинг Қайнар қишлоғи жойлашган. Бу масканлар ўзининг ноёб табиати, шифобахш ҳавоси ва манзараси билан маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб этиб келади. Вилоятдаги ягона шифобахш гиёҳлар бозори шу ҳудудда жойлашгани сабабли сайёҳлар асосан Тахтақорачада тўхтаб ўтишади.