Тайёргарлик пухта бўлса, сайлов адолатли ўтади
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида ташкил этилган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда шаҳар, туман кўмаклашувчи комиссиялари фаолиятини намунали йўлга қўйиш, сайловчилар рўйхатини шакиллантириш, сайлов ўтказилаётган жойлардаги тайёргарлик жараёнларини кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, оммавий ахборот воситалари ҳамкорлигини йўлга қўйиш, брифинг, матбуот анжуманлари ва семинарлар ташкил этиш вазифалари белгилаб олинди.
- Сайлов ўтказиладиган жойларда алоҳида она ва бола, тиббиёт хоналари ташкил этилади, - дейди вилоят кўмаклашувчи комиссияси раиси Н.Раббимова. – Бу масканларда сайловчиларни кутиб олиш ва кузатиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда, уларга сайлов тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатлар қисқа савол-жавоб тарзида тайёрланиб тарқатилади. Ундан ташқари сайлов комиссияси аъзолари ўзлари бириктирилган туманлардаги сайлов жараёнларини кузатиб, у ердаги мавжуд ҳолат ва муаммоларни сайлов штабига тақдим этиб боради.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.