ТДИУ Самарқанд филиали Германия, Латвия ва Россия ОТМлари ҳамкорлигида мутахассис тайёрлайди
Филиалнинг таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Ибрагим Ғаниевнинг маълумот беришича, 2020-2021 ўқув йилида Германия, Латвия ва Россия мамлакатлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни режалаштирилган. Германиянинг Вайнштефан-Триздорф университети иқтисодиёт, Латвия амалий билимлар ва технологиялар университетининг ахборот тизимлари ва технологиялари, М.А.Бруевич номидаги Санкт-Петербург давлат телекоммуникациялар университетининг рақамли иқтисодиёт йўналишлари бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ушбу ҳамкорликнинг талабаларга қулайлиги шундаки, ўқиш муддати 4 йил бўлиб, ўқишга кирган талаба икки йил ўзбек тилида ва икки йил чет тилида университетлар томонидан тасдиқланган ўқув режа асосида ўқийди. Ўқишни муваффақиятли тугатганлар икки давлатнинг дипломини қўлга киритади ва диплом икки давлатда ҳам тан олинади.
Германия университетларига ўқишга кирувчилар математика, немис тили ва биология фанларидан, Латвия университетларида ўқишни хоҳловчилар математика, инглиз тили фанларининг ҳар биридан 30 тадан тест топширади. Россия университетларида ўқимоқчи бўлганлар эса математика, рус тили ва адабиёти ҳамда жамиятшунослик фанларидан ёзма имтиҳон топширади. Бу йўналишлар бўйича 25 тадан, жами 75 нафар юқори балл тўплаган абитуриентлар ўқишга қабул қилинади.
Келгуси ўқув йилида ҳам хорижнинг бир қанча университетлари билан ҳамкорликда иқтисодиёт ва ахборот технологиялари йўналишлари бўйича қўшма таълим дастурлари асосида ёшларни ўқитиш режалаштирилган.