Текис тишлар сари мураккаб йўл

Бугунги кунда брекетлар қўллаш тобора оммалашмоқда. Бироқ ортодонтик даволаш фақат текис тишларга эришиш эмас, балки суяк тўқимасида кечадиган мураккаб биологик жараёндир.

Тишларга назорат қилинган куч таъсир этганда, суяк қайта шаклланади ва тишлар янги ҳолатга мослашади.
Даволашда кучнинг нотўғри тақсимланиши илдиз резорбсияси, милк чекиниши ва бошқа асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ортодонтик режа рентген, 3D тасвирлар ва рақамли таҳлиллар асосида индивидуал тарзда тузилади.

Муҳим босқичлардан бири — ретенсия даври. Брекетлар ечилгач, тишлар аввалги ҳолатига қайтишга интилади. Бу жараён махсус ретейнерлар ёрдамида назорат қилинади. Ретенсияга эътиборсизлик бутун даволаш натижасини йўққа чиқариши мумкин.
Брекет таққан беморлар овқатланиш ва оғиз гигиенасига алоҳида аҳамият бериши лозим. Қаттиқ ёки ёпишқоқ маҳсулотлар тизимга зарар етказиши, озиқ-овқат қолдиқлари эса эмаль деминерализацияси ва оқ доғлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Замонавий ортодонтияда металл, керамик, сафир ва селф-лигатинг брекетлар қўлланилади. Бироқ қайси тизим танланишидан қатъи назар, энг муҳим омил беморнинг клиник ҳолати ҳисобланади.
Нотўғри прикус нафақат тишларга, балки чайнаш функцияси, нутқ ва жағ бўғимига ҳам таъсир кўрсатади. Айрим мураккаб ҳолатларда ортодонтик даволаш жарроҳлик билан биргаликда олиб борилади.
Брекетлар фақат эстетик восита эмас, балки соғлом ва функционал жағ-тиш тизимини шакллантирувчи тиббий ечимдир. Улар сабр, интизом ва мунтазам назорат талаб қилади. Натижа эса нафақат чиройли табассум, балки узоқ муддатли соғломлик, ўзини ишончли ҳис қилиш ва ҳаёт сифати ошишидир.

Умиджон Усмонов.