Телефондаги маданият

Ўтган асрнинг 80-йиллари ишга янги келган кунларим эди. Хонамда бир муҳим мақола устида ишлаётсам, телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўтардим. Ҳали "Алло, эшитаман" деб улгурмасимдан эркак кишининг на салом, на алик, на ўзини таништириш бор, томдан тараша тушгандек "Кимсан?" деган дағал овози эшитилди. "Ўзинг кимсан?" дейишга мажбур бўлдим. "Мен сендан сўраяпман, кимсан?" дағдағали овоз келди яна нариги томондан. "Ўзинг кимсан?" дедим мен ғашим келиб. Бундай муомала нафсониятимга тегди. Гўшак "тақ" этиб жойига қўйилди. Фикрим тўзғиб, ёзаётган мақолам ҳам чала қолди. "Қанақа одам бу ўзи, қаердан, нега дўқ уради, унга нима керак?". Кайфиятим бузилди. Орадан икки дақиқа ўтмасдан телефон яна жиринглади. Ўзимни босиб, гўшакни олдим.

Алло, мен фалон бош­қармадан, фалончиевман. Масъул котиб керак эди, – деган хушмуомала, мулойим овоз эшитилди гўшакдан.

Менман, эшитаман, – дедим мен ҳам мулойимлик билан салом-алик, танишувдан кейин. Сўнгра маълумотни ёзиб олдим. Ҳали асабимни бузиб, дағдаға қилган шу овоз эди, танидим. Ади-бади айтишганимизни юзига солмадим. Мен нуфузли идоранинг оёғи ердан узилган ходими хатосини англаб олганидан хурсанд бўлдим.

Тафсилоти бироз чўзилиб кетган бу воқеани мисол қилиб келтирганим боиси шуки, телефонда сўзлашиш маданиятига амал қилишни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Телефонда сўзлашувни аччиқ ичак каби чўзиш, узоқ вақт эзмаланиш, бекорчиликдан зерикиб, бировлар олдида айтиб бўлмайдиган олди-қочди гаплардан валақлашиб ўтириш ўта маданиятсизликдир. Сўзлашув қис­қа, лўнда, тушунарли бўлиб, вақтни ортиқча чўзмаслиги, бошқаларга халақит бермаслиги зурур.

Ҳозирда, айниқса, ўсмир ёшларда телефон хуружи авж олган. Уларнинг қўлидан телефон тушмайди. Бутун фикру хаёли телефонда сўзлашиш, СМС юбориш, интернетда ниманидир томоша қилиш, қулоқчинда мусиқа эшитиш билан банд. Кўзи очиқ, аммо хаёли телефон билан банд бундай ўсмир йигит-қизларни машина уриб кетган ҳодисалар учрайди.

Йўловчи ташийдиган "Дамас"га чиқдик. Ўриндиқлар тўлгач, машина йўлга тушди. Шу пайт орқа ўриндиқда ўтирган қизнингталаба бўлса керак, телефони жиринглади. Дарҳол улаб, қулоғига тутди.

Вой, Шаҳи, бормисан? – Қиз шанғиллаб, ҳар хил гапларни сўзлаша кетди. Шаҳи дегани Шаҳнозами, Шоҳидами, ким билсин, дугонасими? Йўловчилар қизнинг фаросатсизлигидан безовталаниб, биров очиқча, биров ўғринча норози оҳанг­да қараб қўйди. Лекин қизнинг хижолат чекиб, "Ҳозир йўлдаман, учрашганда гаплашамиз", деган андиша хаёлига ҳам келмасди.

Уяли телефонлар урф бўлган ҳозирги даврда ҳаммага ундан фойдаланишни ўргатиш қийин, албатта,  – дейди психологлар. – Лекин бу алоқа воситаси одамларга катта қулайлик яратиш билан бирга, ундан эрмак сифатида фойдаланаётган шахслар, айниқса, ёш болалар саломатлигига катта таҳдид туғдираётганини олимлар, психологлар ташвиш билан гапирмоқдалар. Алоқа воситасидан таралаётган инфрақизил нурланиш инсон бош мияси ҳужайраларини шикастлар экан. Айниқса, ёш болаларнинг уяли телефон билан овуниши хавфли. Бундай болалар қайсар, воқеликка бефарқ бўлиб қолишади. Уйқусизлик, безовталик, иштаҳасизлик, тез толиқиш каби руҳий исканжага гирифтор бўлишаркан.

Тоғаймурод

ШОМУРОДОВ.