Тележурналистлар ўзбек адабий тили меъёрларига риоя қилаяптими?
Айтиш жоизки, ислоҳотлар кенг тус олмаётган, аммо ижроси барча учун бирдек муҳим бўлган муаммолар ҳам йўқ эмас. Жумладан, булар давлат тилида иш юритиш, янги алифбони тўлиқ жорий этиш, таълим тизими, матбуот, радио, телевидение ва бошқа маънавий-маърифий соҳаларда ўзбек адабий тилининг нуқсонсиз қўлланишига эришишдир.
Давлат тили ҳақида қонун қабул қилинганига бир кам ўттиз йил, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида қонун қабул қилинганига эса 25 йил тўлди. Аммо ҳали-ҳануз иш юритиш янги алифбо тугул тўлиқ равишда давлат тилига ўтказилмаган корхона ва муассасалар мавжуд. Мактаблар, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларида таълим тизими, бир қатор олий таълим муассасаларида янги ўқув адабиётлари ва ўқув-услубий мажмуалар янги алифбога ўтказилди. Бироқ иш юритиш ҳали ҳам эски алифбода давом эттириляпти.
Давлат тили ва янги алифбога ўтишни пайсалга солаётган ёки истамаётган масъулларда ўзбек адабий тилига, миллий давлатчилигимизга нисбатан ҳурмат, меҳр-оқибат етишмаётганлигини очиқ айтиш керак. Ҳатто айрим ватандошларимиз эски алифбо ва бошқа давлат тилида иш юритиш ўзлари учун осон эканлигини таъкидлашдан ҳеч уялмайди ҳам, истиҳола ҳам қилишмайди.
Таълим-тарбияни адабий тилсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бугунги кунда ўзбек адабий тилининг қонун-қоидаларига барча соҳаларда ҳам етарлича амал қилинмаётгани сир эмас. Биз ҳатто расмий доираларда ҳам ўзбек адабий тилида гапириш ўрнига маълум бир ҳудудгагина тушунарли бўлган ўз шевамизда мулоқот қилишга одатланиб қоляпмиз. Хўш, мана шу муаммонинг ечимини топиш мумкинми? Бунинг учун нима қилишимиз керак? Бизнингча, ўзбек адабий тилини чуқурроқ билиб олишни, энг аввало, оиладан бошлашимиз керак. Боланинг тили чиқаётган вақтдан бошлаб ўзбек адабий тилида гапиришни ўргатишимиз зарур. Оиладагиларнинг болалар олдида ўзбек адабий тилида чиройли гапириши уларга ижобий таъсир этади. Барчанинг ўзбек адабий тилида ёқимли, таъсирчан, аниқ ва равон гапира олиши телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларида хизмат қилаётган журналистлар, сухандонларнинг бу борадаги беминнат хизматларига боғлиқ.
Бугунги кунда "ZO'R TV", "МY 5", "СЕВИМЛИ" ва бошқа бир қатор телеканалларда фаолият юритаётган ходимлар, телебошловчиларнинг ўзбек адабий тилига риоя қилмаётганлигини кўряпмиз. Ўзбек адабий тилини мукаммал ўзлаштирмаганликлари кўриниб қолмоқда. Қолаверса, санъаткор, шоир, ёзувчи, спортчи ва турли соҳа вакиллари адабий тил меъёрларини унутиб қўйишяпти. Уларнинг тилга бўлган бундай бепарволиги, шевапарастлиги телетомошабинларнинг, айниқса, ёш авлоднинг ўзбек адабий тилини шевалардан фарқламасликка, ўзлари ёқтирган шахсларга кўр-кўрона тақлид қилишларига олиб келмоқда.
Ўзбек адабий тилини ривожлантириш учун тил тарбиясини оиладан бошлаш зарурлигига тўхталдик. Бу борада фақат оилавий тарбиянинг ўзи камлик қилади. Шу боис ушбу масалага боғча, мактаб, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларида ҳам эътибор қаратиш талаб этилади. Олий таълим муассасаларини битириб чиқаётган ёшларнинг якуний давлат аттестацияси синовларида оғзаки ва ёзма саводхонлигига эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, ўқитувчиларнинг дарс бериш маҳорати ўрганилганда, ўзбек адабий тилида тўғри, равон, мантиқли, жозибадор, таъсирчан гапира олишларига ҳам аҳамият берилса, айни муддао бўларди.
Ўзбек адабий тилининг ҳам ёзма, ҳам оғзаки шаклларининг зарур қонун-қоидаларга риоя қилишга доир ҳаммабоп маълумотномалар, услубий қўлланмалар яратиш, уларни таълим тизими, нашриёт ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари билан боғлиқ барча муассасалар, радио ва телевидениега етказиш керак.
Таълим муассасаларида ўтказиладиган маънавият соатларида ўзбек адабий тили қоидаларига риоя қилиш, она тилимизга бўлган меҳр-муҳаббатни янада ошириш, шева ва бошқа тилларга хос сўзларни ноўрин қўлламасликка доир тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ҳам яхши самара беради.
Муассасалар, ташкилотлар, корхоналарда иш қоғозларини юритишда уларнинг янги алифбо ва имлода тайёрланишини талаб қилиш, шаҳарлар, қўрғонлар ва қишлоқларда барча кўча ёзувлари, реклама ва эълонлар, шиорлар, пештоқ ёзувлари, географик объектларнинг номлари давлат тилида, янги алифбода чиқарилишини доимий назорат қилиш йўлга қўйилса, кўзланган мақсадга, албатта, эришилади. Абдулла Авлоний айтганидек, "Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур", деган сўзларни унутмаслигимиз лозим.
Мардон БОЛТАЕВ,
СамДУ доценти.