Темурийлар даврида яратилган “Хамса”лар олимлар томонидан таҳлил ва тадқиқ қилиняпти

Бугун Самарқанд давлат университети филология факультетида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги олдидан «Темурийлар даврида яратилган “Хамса”ларнинг компаративистик тадқиқи ва уларнинг Шарқ адабиёти тараққиётидаги ўрни» мавзусида халқаро онлайн илмий-назарий анжуман ўз ишини бошлади.

Анжуманда Самарқанд давлат университети ректори Р.Холмуродов, хорижлик олимлардан Хон Ҳаса Ақиб (Ҳиндистон), Мустафо Ўғурлу (Туркия), Алмаз Улви Биннатова (Озарбайжон) ҳамда ўзбек олимлари қатнашиб, илмий ҳамкорлик қилиш, истиқболли тадқиқот режалари бўйича фикрлар алмашди.

Тадбирда илмий тадқиқотлар асосида темурийлар даврида яратилган “Хамса”ларнинг компаративистик тадқиқи хусусида илмий-назарий хулосалар жамланди. Жумладан, XV аср Хуросон адабий муҳити ва унда Жомий ҳамда Навоийнинг мавқеи, Абдураҳмон Жомий адабий мероси ва поэтикаси хусусида қатор илмий-назарий мақолалар тақдим этилди. Яратилган “Хамса”ларда тасаввуфий оҳанглар, жаҳон адабиётида “Хамса” ғояларининг ўрни, адабий матншунослик: нашр, таржима, илмий таҳлил ва талқин муаммолари ўрганилди. Уларда тил ва услуб масалалари нуқтаи назаридан берилган илмий қарашлар бугунги кун замонавий жаҳон адабиётшунослиги ва тилшунослиги учун долзарб аҳамиятга эгалиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида қайд этилганидек, “буюк шоир ва мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади”. Ўзбек тилида яратилган ана шундай ноёб дурдоналардан бири Алишер Навоий “Хамса”си бўлиб, бу бешлик ҳақли равишда жаҳон адабиётининг энг йирик намуналаридан бири сифатида ҳар томонлама таҳлил ва тадқиққа муносибдир.

Онлайн тарзда бўлиб ўтаётган илмий-амалий конференция иши икки кун давом этади.