Тергов органлари қидирувида бўлган 1 051 нафар шахс ушланган ва 261 нафар бедарак йўқолганлар топилган

Бугун, 30 июль куни Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида Ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2020 йил 6 ойи якуни бўйича ахбороти дастлабки тарзда эшитилди. Мазкур масала парламент юқори палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши назарда тутилган.

Таъкидланганидек, соҳада амалга оширилган тизимли ишлар натижасида умумий жиноятларнинг 20 497 таси ёки 95,2 фоизи фош этилган. Тергов органлари қидирувида бўлган 1 051 нафар шахс ушланган ва 261 нафар бедарак йўқолганлар топилган.

Ички ишлар органлари ташаббуси билан 4 158 та жиноят аниқланган. Республикадаги жами 9 145 та маҳалланинг 66,3 фоизида ёки 6 061 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.

Шу билан бирга, мажлисда ўтказилган ўрганишлар ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатаётганлиги қайд этилди.

Хусусан, жорий йилнинг 6 ойида республика миқёсида 21 535 та жиноят қайд этилган бўлиб, 100 минг аҳолига нисбатан ўртача 63,3 тадан тўғри келган.

Оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда.

Жумладан, 2020 йилнинг 6 ойи давомида қайд этилган қотиллик жиноятларнинг ҳар учинчиси, оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг 76 таси оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган.

Шу билан бирга, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 5 940 та оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилиб, уларнинг аксарияти, яъни 52,6 фоизи Тошкент, Бухоро, Навоий ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Хусусан, оила-турмуш доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 2 776 нафарига “ҳимоя ордери” берилган.

Ёшлар билан ишлашда ҳануз кўплаб муаммолар сақланиб қолаётганлиги, уларни бартараф этишга етарли даражада этибор қаратилмаганлиги оқибатида жорий йилнинг 6 ойида республикада қайд этилган ҳар тўртинчи жиноят ёшлар томонидан содир этилган.

Шунингдек, мажлисда Ички ишлар вазирининг ахбороти ҳудудлардаги сенаторлар ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан ҳам муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати.