Тергов судьяси - суд тизимида янгилик
Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини «Инсон қадри учун» тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бу борадаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида 2024 йил 10 июнда Президентимиз «Тезкор қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Мазкур Фармон билан Ўзбекистон қонунчилигида навбатдаги янгилик жорий этилмоқда. Яъни, суд-ҳуқуқ тизимидаги замонавий талаблар ва халқаро стандартлар асосида ишни судга қадар юритиш босқичида тергов судьяси лавозими жорий этилиши белгиланди.
Тергов судьяси Ўзбекистон суд тизими учун янги институт бўлиб, унинг олдига жуда муҳим вазифалар қўйилган.
2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади. Улар судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади. Тергов судьясининг процессуал қарорларга берган санкциялари фақатгина тегишли апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқилиши белгиланди. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни ҳам юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқиш тартиби сақлаб қолинади.
Фармонга мувофиқ, тергов судьясига жиноят материалларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилади. Жумладан, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш каби илтимосномаларга тергов судьяси санкциялар бериши мумкин.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларида ҳеч бир жараён бирданига содир бўлмайди. Судлар ихтисослашиб, судьялар қанчалик ихчам ва ўзлари малакалашган доирада иш кўриш билан шуғулланса табиийки, улар шу соҳа қонун-қоидаларини мукаммал ўрганиб, ихтисослашиб боради. Натижада хатолар сони камаяди ва холислик таъминланади.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг турли босқичларида судларнинг ихтисослашуви амалга оширилган ва бу ишларнинг сифатли кўрилишини таъминлашда ижобий самара берди. Шу маънода, тергов судьяси институти жорий қилиниши ҳам ўз вақтида ва муҳим янгилик бўлди дейиш мумкин.
Бугунги кунда жиноят ишлари бўйича судлар судьялари жиноят ишлари билан биргаликда маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишларни, шунингдек, судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласидаги илтимосномаларни ҳам кўриб чиқади. Ҳар бир иш ортида инсон тақдири туради. Тан олиш керак, жиноят ишларининг ўзи судьянинг асосий вақтини, куч-ғайратини, диққат-эътиборини банд қилади. Маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар билан ҳам ишлаш керак. Шунча иш ҳажмига қўшимча равишда санкция бериш ёки мажбурлов чоралари бўйича илтимосномаларни ҳам кўриш керак. Жиноят ишлари бўйича судларда Тергов судьяси лавозими жорий этилиши билан иш юклама енгиллашади ва суд қарорларининг сифат даражаси янада ошади.
Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилади.
Юқорида таъкидланганидек, тергов судьяси бир қатор мажбурлов чораларини ҳам қўллаши мумкин. Айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги каби илтимосномалар бўйича мажбурлов чоралари қўлланади.
Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш – гувоҳ ва жабрланувчини ишни судга қадар юритиш босқичида прокурорнинг илтимосига кўра сўроқ қилиш бўлиб, суд томонидан амалга оширилади.
Тергов жараёни мукаммал бўлишига халақит берувчи ҳолатлар вужудга келганда, тергов органи гувоҳлар ёки жабрланувчилардан бирининг кўрсатувини мустаҳкамлаб қўйиш масаласида судга мурожаат қилиши, суд тергов органи келтирган асосларни ўрганиб чиққач, тегишли тартибда кўрсатувни мустаҳкамлаб қўйиши мумкин.
Тергов судьялари томонидан гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиши ҳам одил судлов учун муҳим ёрдам бўлади.
«Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди» - дейилади фармонда.
Тергов судьяларининг ташкилий фаолиятига Қорақалпоғистон суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ҳарбий суд раислари раҳбарлик қилади.
“Янги Ўзбекистон - янги суд» тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.
Тергов судьялари кўплаб хорижий давлатларда муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, Францияда ишни судга қадар юритишда тортишув принципи амал қилишини таъминлайдиган мустақил институт сифатида ишонч қозонган.
Хулоса қилиб айтганда, фармон судьялар корпусини шакллантиришнинг янги механизмларини жорий этиш, суд тизими тузилмасини ислоҳ қилиш, суриштирув ва тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоялаш ва аҳолининг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Олим Ҳайитов,
Самарқанд вилояти суди раиси.