Тиббиёт йўналишидаги олийгоҳларда талабаларни мажбурий меҳнатга жалб қилингани юзасидан ўрганиш ишлари бошланди

Ижтимоий тармоқларда тиббиёт таълим муассасалари битирувчи курслари бирламчи тиббиёт муассасаларига амалиётга юборилаётгани ҳамда улар тиббий хатлов жараёнларида қатнашиб, аҳолининг антропометрик ўлчовларини олиш ишларига жалб этилаётгани ҳақида турли мазмундаги маълумотлар тарқалмоқда.

Олий Мажлис Сенати бу бўйича ўрганиш ишлари бошланганини маълум қилди.

"Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси томонидан Давлат меҳнат инспекцияси билан биргаликда ижтимоий тармоқларда тарқалган тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг битирувчи талабалари ҳудудларнинг амбулатор-поликлиника муассасаларига аҳолининг антропометрик маълумотларини йиғишга мажбурий сафарбар этилганлиги тўғрисида ҳолатларни ўрганиш ишлари бошланган.

Мазкур масалани ўрганиш якунлари юзасидан қўшимча маълумот берилади", дейилган Сенат хабарида.