Тиббиётдаги оддий хатоликлар қачон барҳам топади?

Аёл вафот этди... Қариндошлари, яқинлари пешона, тақдир экан, дейишди. Эҳтимол, шундайдир.

...Лекин аёл операция вақтида яна бир оғир дард – гепатит С ни юқтириб олган эди. Шундоғам сурункали хасталик билан олишаётган бир пайтда бу унга оғирлик қилди. Кўп ўтмай, аёл вафот этди.

Тақдиримизда касбга хиёнат туфайли кимнингдир бу дунёдан эртароқ кетишига, оддий тиббиёт қоидаларига риоя қилмаганимиз учун хасталиклар юқтириш ҳам бормикан?

Умуман, шифокорлар хатоси туфайли орттирилаётган қўшимча хасталиклар, ҳатто ўлимларга кўз юмиб кетаётганлар қанча?! Шу саволнинг ўзи инсонни сергак торттиради.

Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида 16 ёшли қиз бурун операцияси вақтида вафот этди. Қизнинг қариндошлари айтишича, унинг ўлимига нафас йўлларига тампон тиқилиб қолгани ва бунинг оқибатида у нафас ололмай қолгани сабаб бўлган. Ҳолат юзасидан тергов бошланган.

Наманган вилояти Поп туманида оёғи синиб, икки марта операция қилинган бемор комага тушиб, вафот этди...

Булар ҳали оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганлари. Шунчаки тақдирга тан берилган тақдирлар қанча?!

Бу мавзуни ёзиш ҳар қандай инсонга оғирлик қилади. Сабаби, тарозининг бир палласида айнан шифокорлар туфайли минг дарддан халос бўлаётган инсонлар бор. Ҳа, бугун тиббиёт ходимлари ҳар куни минглаб инсонларнинг дардига шифо топяпти, минглаб инсонларга ҳаёт бағишлаяпти. Айниқса, шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимларига бахтсиз ҳодисалар туфайли жуда оғир аҳволда келиб, шукр айтиб чиқиб кетаётганлари қанча! Лекин...

Кичик бир камчиликлар туфайли инсон ҳаётини хавф остига қўяётган ходимлар ҳам борлиги беморнинг, яқинларининг эсидан бир умр чиқмайдиган ҳолатдир. Менинг хотираларимда ҳам шундай бир мисол борки, ҳанузгача ўша шифохонанинг номини эшитсам вужудим қалтирайди. Отам ўша шифохонада вафот этди. Йўқ, шифокорлар отамга яхши қарашди, зарур муолажаларни амалга оширишди. Лекин ҳаммаси отамни ушбу шифохонадан олиб кетишда бошланди. Махсус хонадаги ходим майитни олиб чиқиш учун мен билан савдолаша бошлади. Оиламизга келган бу ғамдан ўзим не аҳволдаман-у, бундай сўровдан қандай вазиятга тушганимни тасаввур қилиш қийинмасдир. Ва бу савдо, мана, орадан неча йиллар ўтса ҳамки юрагимга муҳрланиб қолган, гўёки ўша шифохонада ҳалиям майитни савдога қўйишаётгандай туюлади...

Бугун тиббиётда катта ўзгаришлар бўляпти – янгича даволаш усуллари, коррупцияга қарши кураш, тизимнинг рақамлашиши - ҳаммаси қувонарли. Лекин энг замонавий ташхис аппаратлари-ю барча шароитлар муҳайё бўлган бир пайтда оддий қоидаларга амал қилинмагани учун инсоннинг вафоти кечириб бўлмас ҳолатдир. Бундайин ёзуқдан тиббиёт ходимларини ҳам, беморни ҳам асрасин, деймиз.

Гулнора Холдорова.