Тил ўқитиш муаммолари ва уларнинг инновацион ечимлари муҳокама қилинди

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида “Тил ўқитиш муаммолари ва уларнинг инновацион ечимлари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Анжуман олий таълим муассасаларида тил дарсларини сифатли ташкил қилиш, халқаро таржима назариясини шакллантириш ва тадқиқотларни назарий жиҳатдан умумлаштириш борасида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларини ишлаб чиқиш, бу борада Ўзбекистон ва жаҳон тажрибасига оид янгиликлар билан фикр алмашиш мақсадида ташкил этилди.

Халқаро илмий-амалий тадбирда дунёнинг нуфузли университетларининг олимлари ва профессор-ўқитувчилари қатнашди. Озарбайжонлик навоийшунос олима, профессор Алмаз Уливи Биннатова ўз маърузасида халқаро дўстлик алоқаларини ривожлантиришда Алишер Навоий асарларининг беқиёслиги ва таржима назарияси катта аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Америка Қўшма Штатлари Ваёми университитети қошидаги жаҳон тиллар маданияти марказининг ўзбек тили ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа (PhD) доктори Дилноза Ҳосилова “Тил дарсларида замонавий педагогика технологияларни қўллаш” номли тақдимоти билан чиқиш қилди.

Шунингдек, анжуманда халқаро дўстлик алоқаларини ривожлантиришда таржиманинг ўрни, тил ўқитиш дарсларида инновацион методлардан фойдаланиш, ўзбек маърифатпарварларининг ўрни ва фаолияти, замонавий фан тилида неологизмлар каби мавзулар муҳокама қилинди.

Анжуман якунида олий таълим муассасаларида тил дарсларини сифатли ташкил қилиш ҳамда таржима масалаларининг долзарб аҳамияти бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Дилафрўз Норбоева,  Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти

ўзбек тили ва адабиёти кафедраси катта ўқитувчиси.