Тил ўзининг паҳлавонлигини кўрсатиши керак

Бугун Ўзбек тили байрами куни

Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак.

Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз лозим.

Шавкат МИРЗИЁЕВ.

 ***

Саодатбахш руҳнинг тиниқлиги манба ҳам тил, бахтсизликлар юлдузининг бошланишига сабаб ҳам тил. Тилига кучи етадиган киши ақл подшосидир: сўзга аҳамият бермайдиган киши лаънатланган, пастдир.

Тил гўзал ва дилларни оловлантирувчи бўлиши билан бирга, сўзловчининг дилидагини акс эттирса, янада яхшироқ бўлади.

Сўзни кўнгулда пишимагунча тилга келтурма, ҳарнаким кўнглунгда бўлса, тилга сурма. Тилнинг ширин, ёқимли ва юмшоқлиги фойдадир. Чучук тил аччиққа айланса, тингловчига зарар етказади. Чучук сўзни тоза кўнгуллар симиради... Сўзни кўнгулда пишитиб олмагунча сўзламагин, кўнглингда бўлган ҳар қандай фикрни ҳам айта берма. Нутқдан мақсад фикр англатишдир. Аммо сўзлар ва сабоқлардин мурод маънодур.

Алишер НАВОИЙ.

 ***

 ...Тил ўзининг паҳлавонлигини кўрсатиши керак. Шу тилнинг имконияти таржимага етадими-йўқми? Мени таржима жараёнида Италия пойтахти Римга таклиф қилишди, бордим. Катта ҳурмат билан қабул қилишди. Суҳбат жараёнида улар мендан: «Ўзбек тилининг қуввати, бойлиги бу асарни таржима қилишга етармикин?!» дея сўраб қолишди. Мен уларга тилимизнинг имкониятлари нақадар кенглигини тушунтириб бердим ва табиийки, бу тилнинг имкониятларини билмайсизлар, деб, Навоийнинг «Хамса»сини мисол қилиб келтирдим.

Ҳар бир тилнинг бойлиги ундаги сўзларнинг синонимлари билан боғлиқ. Мен италияликларга шундай савол бердим: — Айтингларчи, сизларда шамолнинг неча хил номи бор? Улар икки-уч сўзни айтишди. Шунда мен уларга шамол, бўрон, довул, ел, насим, шаббода, сабо... деб санаб бердим. Ва, ниҳоят, бобомиз Алишер Навоийнинг «Муҳокаматул луғотайн» асарига таяниб сўрадим: «Сизлар неча хил йиғлайсизлар? Биз, дедим, мисол учун 19 хил йиғлаймиз. Йиғламоқ, бўкирмоқ, сиқтамоқ, бўзламоқ, инграмоқ, ўкрамоқ, фарёд чекмоқ... Бу сўзларнинг ҳар бири ҳар хил ҳолатни беришини тушунтириб бердим. Шунда улар тилимизнинг қуввати, ифода қудрати, имкониятига тан беришди.

— Бизнинг тилимиз ана шундай паҳлавон ва гўзал, сўлим тил, - дедим.

Абдулла ОРИПОВ.

***

Гап ўзбек тили нуфузи ҳақида борар экан, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг "Ўзбекона" қўшиғини тинглаб, ундан руҳ олиш мумкин.