Дуал таълим имкониятлари тадбиркорлар билан муҳокама қилинди
Вилоят ҳокими ҳузуридаги тадбиркорлар жамоатчилик маслаҳат кенгашининг навбатдаги мажлиси Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида ўтказилди.
Унда вилоят ҳокими Адиз Бобоев, кенгаш аъзолари, маҳаллий тадбиркорлар ҳамда олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда вилоятимиздаги таълим муассасалари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқотлар борасидаги ҳамкорликни дуал таълим тамойиллари асосида кенгайтириш, таълим ва ишлаб чиқаришни уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети биринчи проректори Шерзод Узоқовнинг қайд этишича, бугунги кунда университетда 9 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда ва уларга 400 нафарга яқин профессор-ўқитувчи таълим бермоқда. Олий таълим муассасаси таркибида 4 та факультет фаолият юритиб, таълим жараёни 39 та бакалавриат, 13 та магистратура ҳамда 16 та докторантура йўналишлари асосида ташкил этилган.
— Айни пайтда университетимиз юзга яқин хорижий олий таълим муассасалари ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади, — дейди Шерзод Узоқов. — Жорий йилда Хитой Халқ Республикасининг “Hengda” ташкилоти билан 4 миллион долларлик шартнома имзоланиб, университет ҳузурида қурилиш муҳандислиги сифати назорати илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Лойиҳа асосида 1 миллион долларлик замонавий лаборатория жиҳозлари олиб келинди. Келгусида таълим ва илмий тадқиқотлар сифатини янада ошириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, инновацион инфратузилмани ривожлантириш ҳамда битирувчиларнинг рақобатбардошлигини кучайтириш университет олдида турган устувор вазифа сифатида белгилаб олинган.
Йиғилишда талабаларни ишлаб чиқариш жараёнларига жалб этиш, амалий кўникмаларни шакллантириш ҳамда илмий тадқиқотларни реал сектор эҳтиёжи билан уйғунлаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Вилоят ҳокими Адиз Бобоев таълим муассасалари ва бизнес вакиллари ўртасидаги яқин ҳамкорлик ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Дуал таълимни жорий этиш, қўшма илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш ва битирувчиларни иш билан таъминлашга қаратилган аниқ вазифалар белгиланди.
Фазлиддин Рўзибоев.