Тилла конида бир кун ёки ер қаъридаги мўъжиза

Навоий кон-металлургия комбинати ахборот хизмати ташаббуси билан бир гуруҳ журналистлар Қўшработ тумани ҳудудида жойлашган кон-шахталар, 4-гидрометаллургия заводида бўлди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Навоий кон-металлургия комбинати олтин ишлаб чиқариш бўйича дунёда 4-ўринни эгаллаб келяпти. Кейинги йилларда Қизилқум саҳросида амалга оширилган умумий қиймати 3 млрд. АҚШ доллари бўлган 24 та йирик лойиҳа амалга оширилгани Ўзбекистон кон-металлургияси тарихида янги саҳифа очди. Жорий йилнинг ўтган ярим йиллигида 60,8 трлн. сўмлик саноат маҳсулот ишлаб чиқарган эллик минг кишилик жамоанинг келгусидаги марралари янада улкан. Шу билан бирга, Қўшработ ва Нуробод туманларида комбинатнинг бўлинмалари фаолият олиб бораётгани вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ҳам муҳим аҳамиятга эга.
- Биз, ижодий фаолиятимизда конлар, металлургия саноати корхоналарида бўлмаганмиз. Бу мавзуга биринчи қўл уришимиз. Шу боис, бу биз учун жуда қизиқ, ҳаяжонли ва ҳайратли, - дейди журналист Нозигул Рустамова. - Ижодий сафаримиз давомида ишлаб чиқариш жараёнлари, кончи-шахтёрлар фаолиятини тасвирга олиш учун бир неча 100 метр ер қаърига тушдик. Ана сизга мўъжиза! Тубсиз ер остида ҳам худди тепадаги каби маъдан қазиш, транспортлар ташиш ишлари қизғин давом этмоқда. Лекин, машаққатли ва мураккаб. Соҳа фидойилари бу қийинчиликларни жасорат, матонат билан енгиб, ҳалол меҳнати билан юртимиз тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшаётганидан қувондик. Комбинат мутахассислари кучи билан 11 ойда қурилиб, 2010 йилда ишга туширилган 4-гидрометаллургия заводи, “Зармитан”, “Ғужумсой” конлари, Заркентдаги ўзгаришларнинг ҳар бири алоҳида мавзу. Чунки, кон бошқармасининг 60 йиллик фаолияти, соҳа илғорлари ва қаҳрамонлари ҳақида оддий кўрсатув эмас, тўлиқ метражли фильмлар, асарлар яратса арзийди.
Журналистлар ана шундай қизғин жараёнлар билан яқиндан танишиб, ишлаб чиқариш корхоналари, машаққатли касб эгаларининг заҳматли меҳнатлари ҳақида бой таассуротларга эга бўлишди.
- Ҳамкорлик баҳона самарқандлик бир неча ижодкорлар билан танишдик, - дейди Жанубий кон бошқармаси ахборот ва маънавият-маърифат гуруҳи раҳбари Дилдора Атабаева. - Улар корхоналаримиз ҳақида энг улуғ, энг азиз байрам олдидан махсус кўрсатув тайёрлаш истагида эканликларини эшитиб, бутун жамоамиз жуда хурсанд бўлди. Ишонаманки, бундай ҳамкорлик келгусида ҳам давомли бўлади.