Тилни компьютер ўргатади

Бугун юртимизда таълимнинг барча босқичларида ўқувчи ва талабаларга чет тилларни ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хорижий тилларни пухта ўзлаштириган ёшларга имтиёзлар берилаётгани, қўшимча рағбатлантирилаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Таълим жараёнида чет тилини ўқитишда асосан тўрт аспект(ўқиш, ёзиш, тинглаб тушуниш ва гапириш)дан фойдаланилмоқда. Бунда шубҳасиз, замонавий ахборот технологиялар асосий восита ҳисобланади. Булар чет тилини ўрганишнинг ҳар бир аспектида қўл келади. Масалан, тинглаб тушуниш учун, албатта компьютер, плеер, CD дисклар зарур. Бунда ўқувчи бир пайтнинг ўзида сўзловчининг талаффузи, грамматик қоидаларга риоя қилганлиги, сўз бойлигига эътибор қилади.

Бу техник воситалардан фойдаланиш ўқувчиларнинг чет тилини ўрганиш жараёнини қизиқарли ва самарали бўлишини таъминлайди.

Яна бир восита – интернет. Интернет орқали чет тилида сўзлашувчилар билан мулоқот қилиш имконияти пайдо бўлади. E-mail воситасида хат ёзишиш саводхонликни оширади.

Таълим жараёнида замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, улардан мақсадли ва тўғри фойдаланиш ўқувчида чет тилига қизиқишни, ўқитиш самарадорлигини оширади. Бу орқали таълимнинг инновацион технологияларидан фойдаланишга имконият туғилади ва талаб ортади.

Шунингдек, чет тили дарсларини ўқитишда турли ролли, ҳаракатли ўйинлардан фойдаланиш ҳам ўқувчиларда дарсга, тил ўрганишга қизиқишни оширишга ёрдам беради.

Наврўза ЎРИНОВА,

Ургут туманидаги 39-умумий ўрта таълим мактаби инглиз тили ўқитувчиси.