Тилшуносликка оид янги тадқиқот
Мазкур рисолада айниқса, инглиз тили глобаллашуви жараёнининг Ўзбекистонда акс этиши, ушбу тилнинг кенг ўрганилаётгани, турли соҳалардаги коммуникатив муносабатларда тутган ўрни, ижтимоий мақоми ва таълим тизимидаги мавқеи чуқур таҳлил этилган. Ҳар бир қисмда стандарт тил ва унинг вариантлари муносабати, тилнинг ижтимоий муҳитга мослашуви билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган кўринишлари ҳамда улардан оғзаки ва ёзма мулоқот шароитларида фойдаланиш имкониятлари атрофлича ёритилган. Монографияда инглиз тилининг халқаро мулоқот воситаси сифатида қўлланишида юзага келадиган социолингвистик ва прагматик ҳолатлар изчил ўрганилгани унинг қимматини янада оширган.
"Ушбу ишда биз инглиз тилининг Ўзбекистонда тарқалиши даражаси, унинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳаётида бажараётган вазифалари, турли жабҳаларда ундан фойдаланиш меъёрларини ўрганиш, инглиз тилининг миллий таълим тизимидаги ўрни, уни ўргатиш ва ўқитишга оид муаммолари муҳокамасига алоҳида эътибор қаратдик", деб ёзади муаллиф.
Бу бежиз эмас, албатта. Инглиз тили жаҳон тили мақомига эга тилга айланмоқда. Дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларида ўқитилмоқда. Яқин 10-15 йилдан кейин уни билувчилар сони 2 миллиарддан ошиши ҳеч гап эмас. Жумладан, инглиз тили мамлакатимиз миқёсида ҳам кенг кўламда тарқалмоқда, у таълим тизимида етакчи ўринга чиқиши билан бир қаторда, тадбиркорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, илм аҳли ва бошқа соҳаларда фаолият кўрсатувчи инсонлар ўртасида оммавийлашиб бормоқда. Ўзбекистоннинг дунё мамлакатлари билан сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалари, ўзаро ҳамкорлиги кенгайиб бораётганини назарга олсак, монография янада долзарб аҳамият касб этади.
Монография назарий ва амалий тилшунослик, социолингвистика билан қизиқувчи илмий ходимлар, тадқиқотчилар, тил таълими мутахассисларига мўлжалланган.