ТИРИЛГАН МУРДА: Орзули дунё

* Сиёсий шарҳ
Нефт ва газ конларининг очилиши Иккинчи жаҳон урушидан кейин ривожланиш босқичига кирган дунё иқтисодиёти учун айни муддао бўлди. Натижада шўро давлати хазинасига нефтдолларлар ёмғирдек ёғила бошлади. Брежнев ҳукумати улардан кичик бир улушини халққа берган бўлса-да, даромаднинг асосий қисми ҳарбий харажатларга йўналтирилди. Шу асосда дунёдаги энг қудратли армиялардан бири вужудга келди.
Бундан руҳланган шўро арбоблари ўтган асрнинг 80-йиллари бошида "байналмилал ёрдам" деган баҳона билан Афғонистонга қўшин киритди. Бирор бир ижобий натижа бермаган ушбу ҳарбий ҳаракатлар 1989 йилда тўхтатилди. Аммо унинг оқибатлари собиқ иттифоқ учун ғоят ачинарли бўлди. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, афғон уруши эллик миллиард доллардан кўпроқ маблағни елга совуриб, 15 мингдан ортиқ шўро аскар ва офицерларининг ҳаётига зомин бўлди. 80-йиллар охирида жаҳон бозорида нефт нархининг тушиб кетиши вазиятни яна оғирлаштирди. Оқибат шу бўлдики, иқтисодий инқироз гирдобига тушиб қолган мамлакат сиёсий таназзул томон йўл олди. Путин ибораси билан айтганда: "ХХ асрнинг энг буюк геосиёсий ҳалокати" юз берди, яъни СССР парчаланиб кетди. Россия президентининг ана шу баҳоси ХХI асрдаги бўлажак воқеаларга ўзига хос дастур бўлди. Иттифоқнинг тарқалиб кетиши дастлаб рус зиёлилари томонидан ижобий қабул қилинган бўлса-да, Россияда бошланган демократик ислоҳотлар натижа бермаганлигини кўриб, уларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Коммунистик идеологиядан халос бўлган омма онгида демократия салбий тушунча сифатида шакллана бошлади.
Аста-секин демократик ислоҳотларга чек қўйилиб, шовинистик миллатчилик мафкураси кириб келди. Тор доираларда айтиладиган бузғунчи фикрлар кенг тарғиб этилди. Ҳозир ирқчилик ва миллатчилик руҳи билан суғорилган ўнг реаксион ғоялар баланд минбарлардан ҳам барала айтилмоқда. Улар ўтмишда айрим давлатлар ва ҳатто миллатлар бўлмаганлиги ҳақидаги иғво гапларни тарқатиб, турли миллий-этник зиддиятларни юзага келтирмоқда. Айтиш мумкинки, қўпорувчилик мақсадини кўзлаган ушбу мафкура охир-оқибат буюк давлатчи шовинистларнинг ўзига катта муаммоларни пайдо қилиши мумкин.
Тарихдан яхши маълум, миллатчилик иллати билан касалланган жамиятлар узоққа бормайди. Бундай давлатлар ҳар қанча қудратли бўлмасин, охир-оқибат ҳалокатга маҳкумдир. Аксинча, миллат-элатлари аҳил, дўстлик-бирдамликда яшаб, бир ёқадан бош чиқараётган мамлакатлар кундан кунга ўсиб, ривожланиб бормоқда.
"Бранд Финансе 2025" халқаро таҳлил маркази томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларини ўқиб, тўғриси, кўнглимда ғурур ҳиссини туйдим. Унда қайд этилишича, дунёдаги 200 та давлат орасида Ўзбекистон фахрли учталикка кирган. Кейинги йилларда мамлакатимизнинг ўсиш суръатлари ва бренди 26 фоизга ўсган. Бу эса дунёдаги юқори кўрсаткичлардан бири сифатида қайд этилди. Мамлакатимиз эришаётган ютуқлар юртимиздаги ислоҳотларга, иқтисодий ўсишга, инсон салоҳиятига берилган холис баҳо, биргаликда қилинаётган саъй-ҳаракатларимиз эътирофидир. Қолаверса, мен буни юртимиздаги барча миллат-элатларнинг аҳил-иноқлиги ва дўстлиги самараси, деб биламан.
Халқимизда "Бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака кетади", деган доно нақл бор. Шу маънода жаҳоннинг қайси чеккасига назар солсангиз, қаерда тинчлик бўлса, ўша ерларда халқ тўкин-фаровон ҳаёт кечираётганини кўрасиз. Аксинча, уруш-тўполонлар cодир бўлаётган жойларда янги-янги сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий муаммолар пайдо бўлмоқда. Яқин-яқингача бутун дунё Америкага ҳавас билан қарар, ҳамма бу сеҳрли диёрга интиларди. Бугун ана шу маҳобатли мамлакатда ҳам турли зиддиятлар пайдо бўлиб, мамлакат ривожини деярли тўхтатиб қўйди. Сабаби, у ерда ҳам бир вақтлар мавжуд бўлган, аммо кейинчалик барҳам берилган ирқ ва миллат ажратиш таомили яна бош кўтармоқда. Бу ҳолат, айниқса, жаҳондаги умумий нотинчлик фонида вужудга келган муҳожирлар оқимининг кучайиши билан биргаликда юзага келмоқда.
Худойберди КОМИЛОВ,
сиёсий шарҳловчи.
(Давоми бор)