Тоғлар бағридаги мўъжаз шаҳар

Эрталабки соат еттида, сентябрь ойи ўрталарида Саразмда ҳаво анчагина салқин. "Ҳали Суғдга етиб олгунча ҳаво исиб кетади", дейишди билгичлар. Ҳақиқатан ҳам тоғли ҳудудларда ҳаво ҳарорати кундузгидан кескин фарқ қилар экан. Мисол учун, кечаси 2-3 даража, кундузи 17-22 даража илиқ.

Саразмнинг қадимийлигини исботловчи қазилма ҳамда ҳудуднинг эрамиздан аввалги VI-II минг йилликларга тегишли экани ҳақидаги далилларга чегара постидан ўтгач, 15 дақиқалар юргандан сўнг дуч келишингиз мумкин. Маълумотларга қараганда, бу ерда ўша даврга тегишли бўлган тураржой масканлари, олов ибодатхоналари, сарой қолдиқлари топилган. Саразм қадим-қадимда руда саноати маркази ҳисобланган экан. Бу ерда қадим сарой мажмуасининг топилиши унинг ўтмиши олис-олисларга бориб тақалишидан дарак беради.

Табиийки, биринчи марта Ўзбекистондан ташқарига чиқаётганим сабабли йўлдаги ҳар бир манзарага эътиборли бўлишга ҳаракат қилдим. Тоғли йўллар бошланди. Бу ҳақда Тожикистонга бориб келганлардан кўп эшитганим сабабли йўлларни тасаввур қилгандим. Аммо тасаввур, эшитганларинг реалликдан фарқ қиларкан. Жуда баланд, кулранг, қўнғир тусдаги улкан қумликлардай тасаввур уйғотувчи тоғлар. Айланма, спиралсимон йўллар. Гўё истироҳат боғидаги аллақандай аттракционда ҳаракатланаётгандайсан. 10, 30, 50 ва ҳатто 100 километр масофани босиб ўтдик ҳамки, виқорли тоғлар тугамайди. Лойқаланиб, мавжланаётган Зарафшон дарёси гоҳ ўнг, гоҳ чап томонингизда пайдо бўлади. Гарчи ёши катта ҳамроҳларим маназарадан завқланиб бораётган бўлса-да, бундай тугамас тоғлар, баландлик ва пастликларга қараб, ўзимни озроқ нохуш сеза бошладим. Ҳайдовчи "Кам қолди, энг баланд жойга кўтарилдик, кўпчиликда бўлади бу ҳолат", дея тинчлантирди. Ҳақиқатан ҳам бироз йўл юрганимиздан сўнг ўтиб кетди.

ДЕВАШТИЧПАНЖАКЕНТ МАРКАЗИДА

Панжакент марказида собиқ совет иттифоқи даврида қурилган бинолар кўзга ташланади. Аммо шу билан бир қаторда замонавий маданият ва спорт иншоотлари ҳам қад ростлаган. Панжакент шаҳри марказидаги Деваштич ҳайкалига қизиқиб қолдик. Миллий қаҳрамон ҳисобланмиш Деваштич эрамиздан аввалги 700 йилларда Панжакент ҳокими бўлган, Суғднинг сўнгги афшинукмдор)ларидан бири экан.

Суғд маркази Хўжандга боргунга қадар бир неча шаҳр (яъни шаҳар) ва ноҳиялардан (туман) ўтишимизга тўғри келди. Шаҳристон, Истарафшон, Зафаробод каби. Дарвоқе, Шаҳристон ҳудудида тоғлар бағридан беш километрлик тоннель қурилган бўлиб, у Суғдга борадиган айланма йўлни бир неча ўнлаб километрга қисқартирган. Эронлик мутахассислар томонидан бунёд этилган тоғ бағридаги йўл уч йил мобайнида қурилган экан.

Ва ниҳоят 290 километр йўлни босиб ўтиб, Хўжанд шаҳрига етиб келдик. Паст-баланд иморатлар, кабоб-сомсахоналар, савдо дўконларию маиший бинолар оралаб марказга яқинлашган сари кенг кўчалар, ўзига хос услубда қурилган иморатлар кўзга ташланади.

Кўчаларда батартиб экилган гладиолус, атиргуллар гуллаб турибди. Арчадан ташқари чинор, мажнунтол ва бошқа манзарали дарахтлар шаҳарга зеб берган. Айниқса, шаҳар ўртасидан оқиб ўтувчи зумрад рангдаги Сирдарё суви шаҳарда ўзига хос иқлим ҳосил қилган. Шаҳар марказидан туриб, тўрт томонга қарасангиз ҳам қорга бурканиб турган улкан қояларни кўрасиз. Бундай манзара кишига ўзгача завқ беради.

КЎЧАЛАРДАГИ НОМЛАР ТОЖИК ТИЛИДА

Кўчадаги иншоотлар номларини ўқиб борарканман, хориж сўзларини деярли учратмадим. Йирик савдо дўконлари номи ҳам тожик тилида.

Дарвоқе, самарқандлик ишбилармонлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмасида суғдлик тадбиркорлар ҳам иштирок этди. Тожик тадбиркорларининг корхоналари номланишида ҳам чет тилидагиси кам. Аксарияти ўз тилида, мисол учун сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи "Бомаза", эшик-ромлар ясайдиган йирик корхона "Арча" деб номланган, текстиль маҳсулотлари бренди "Чавон".

ТОЖИКИСТОНДА КОММУНИСТИК ПАРТИЯ  ҲАМОН ФАОЛИЯТ ЮРИТАДИ

Эҳтимол, бу тасодифдир. Аммо Хўжандда собиқ иттифоқ даврига оид, ўша даврда кўп қўлланилган қизил рангга тез-тез дуч келдим. Меҳмонлар учун тўшаладиган қизил тўшама, маданият саройидаги қизил рангдаги ўтирғичлар. Тожикистонда собиқ иттифоқ тузумидан мерос қолган партия, яъни коммунистик партия фаолият юритар экан.

Тожикистонда айни пайтда еттита партия фаолият юритади. Вилоятимизда партиямиз аъзолари сони бўйича иккинчи ўринда туради, – дейди Тожикистон Республикаси коммунистик партиясининг Суғд вилояти қўмитаси биринчи котиби Қурбонжон Мирзаева. – Фаолиятимизни узоқ йиллардан бери тўхтатганимиз йўқ. Бунинг учун ҳукумат ҳам етарли шарт-шароит яратаётганидан миннатдормиз. Яқинда комсомол тузилмасини тиклаш таклифи билан чиққанмиз.

МАҲАЛЛА ТУЗИЛМАСИ ТОЖИКИСТОНДА ҲАМ ФАОЛИЯТ КЎРСАТАРКАН

Чорчироқ маҳалласида хотин-қизлар билан иш олиб бораман, – дейди Гавҳар Абдуллаева. – Асосий фаолиятимиз хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини олиб бориш, маънавий-маърифий ва тарғибот ишларидир.

ГАЗ ФАҚАТ БАЛЛОНДА, "СВЕТ ВИП"

Дарвоқе, суғдликлар билан суҳбат жараёнида билишимизча, кейинги тўрт-беш йил давомида бу ерда электр энергияси муаммо бўлмаётган экан. Аммо табиий газдан фойдаланиш имконияти йўқ. Ҳатто шаҳар аҳолиси ҳам зарур бўлганда газ баллонлари ишлатишига тўғри келаркан. Шунинг учун аҳоли асосан электр энергиясидан фойдаланади.

Урф-одат, анъаналари халқимизга жуда ўхшаш бўлган тожик ошхонаси ҳам деярли ўзимизникидай. Яхши томонитўй-томошалар, меҳмонлар учун ёзиладиган дастурхонларда исрофгарчиликка йўл қўйилмайди. Тўйашамларда кенжа гуручидан тайёрланган ош сўнгги таом сифатида тортилар экан. Нони жуда мазали, Ўзбекистондаги водий нонларига ўхшаб кетади. Шапоти номли нонининг диаметри 60-70 сантиметр чиқади. Жуда юпқа ва енгил, катталигига қарамай, тандирда ёпилар экан.  

САМАРҚАНДЛИКЛАР МЕНИ ҚАРИНДОШИДАЙ КУТИБ ОЛИШДИ

Аҳоли билан рус тилида суҳбатлашишимизга тўғри келди. Ўзбекистондан келганимизни билганлар жуда илиқ муомалада бўлишди.

Панжакентда савдо дўконим бор, – дейди Беҳрўз исмли йигит. – Шунинг учун тез-тез Самарқандга бориб, у ердан пишлоқ, колбаса каби озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келаман. Сифати яхши, нархи ҳам маъқул бўлди бизга.

– Йўллар очилгач, биринчи навбатда шахсий автомашинамда Самарқандга бордим, – дейди Хисрав исмли киши. – Одамларнинг меҳмондўстлигидан жуда таъсирландим. Бу шаҳарда қариндошим ҳам, дўстим ҳам йўқ эди. Аммо кўчаларда машинам рақами Тожикистонники эканини билган одамлар қўл силкиб, кўришиб қўяди, сигнал чалиб, ўз қувончини билдиради. Телефон учун сим-карта олмоқчи эдим, бу ҳақда самарқандлик бир боладан маслаҳат сўрагандим, у дарҳол ўзи олиб келиб берди. Ҳатто пулиниям олмади. Жуда таъсирландим, тўғриси. Шундан сўнг Тошкентга ўтдим. Пойтахт мени барча шаҳарлардан кўра кўпроқ мафтун қилди.

Ҳа, ким билан суҳбатлашманг, йўл­ларнинг очилгани, дўстлик алоқаларининг йўлга қўйилгани ҳақида илиқ муносабат билдиради. Рус тилида қийналиб сўзлашганларга "тожики гапзадан гирет" деганимизда, кўзлари чақнаб, янада бемалол ўз фикрларини билдира бошлашди. Ҳақиқатан ҳам сўрайдиган, сўзлайдиган гапларимиз тугай демасди. Аммо вақт деган учқур от бу суҳбатларни бироз қисқартирди. Кеч тушиб қолди. Бинолардаги турли рангларда товланувчи чироқлар, фавворалар кечки Хўжандга ўзгача зеб бериб турибди. Қадим ва мафтункор Хўжанд билан хайрлашарканмиз, "хайр" сўзини ишлатгимиз келмади. Кўришгунча, тоғлар бағридаги мўъжаз шаҳар!

Гулруҳ МЎМИНОВА.