Тоғда йўқолган 4 ёшли қизча ички ишлар ходимлари кўмагида топилди

2019 йилнинг 17 август куни Жиззах вилояти, Фориш тумани, Чоштепа қишлоғида яшовчи Замира Қуролова 4 ёшли қизини йўқотиб қўйди. Она 2015 йилда туғилган қизини ўзи билан бирга тоққа чорва моллари боқиш учун олиб чиққан. Соат 17:00 лар атрофида кўздан узоқлашаётган қорамолларини қайтармоқчи бўлган Замира Қуролова қизига “шу ерда қимирламасдан ўтир” дейди ва йўлга чиқади.   

Озроқ муддатдан сўнг қайтган аёл боласини қолдирган жойида кўрмайди ва қидира бошлайди. Топа олмагач, соат 19:00 ларда ҳудуд профилактика инспектори Дилмурод Раҳматовга бу воқеа ҳақида хабар беради. Инспектор зудлик билан қидирувга аҳолини жалб қилди. Фуқаролар билан бирга Фориш тумани ИИБ тергов-тезкор гуруҳи қизчани излашга киришди. Қидирувчилар гуруҳларга ажралиб, ҳудудни кўздан кечира бошладилар.

Тунги соат 00.20 минут ўтганида қизалоқни йўқолган жойидан 4-5 километр узоқликда профилактика инспектори, катта лейтенант Дилмурод Раҳматов топишга муваффақ бўлди. Қизчанинг озроқ қўрққанини айтмаса, соғлигига зиён етмаган, айни вақтда онасининг бағрида.  

 — Қизимни йўқотиб қўйгач, 1 соатлар ўзим қидирдим. Топа олмагач, қўрқиб кетдим. Кейин бу ҳақда профилактика инспектори Дилшод Раҳматовга хабар бердим. У қидирув учун одамларни тўплади. Болам ярим кечадан оққанда топилди. Бунинг учун қишлоқдошларимдан, айниқса, қизимни топиб берган профилактика инспектори Дилмурод Раҳматовдан миннатдорман.  

Маълум бўлишича, бола ёлғиз қолганидан сўнг онасини қидириб, боши оққан томонга кетаверган. Қизчанинг топилишига йиғиси сабаб бўлган. Яъни, қоронғу тунда эшитилган йиғи профилактика инспектори эътиборини тортган. Айтиш керакки, барча тоғли ҳудудлардаги сингари Фориш туманида ҳам бўрилар учрайди. Шу маънода, қизалоқнинг қисқа муддатда топилгани унинг ҳаётини асраб қолишга сабаб бўлди.  

Жиззах вилояти ИИБ

ахборот мультимедиа гуруҳи.