Тоғдаги ҳар бир хонадонга интернет алоқа тармоғи кириб келади

Тоғлар бағрида жойлашган Оҳалик маҳалласида 3 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бир пайтлар тоғ тепасидаги хонадонларда нафақат уяли телефон, балки радио-телевидение ҳам ишламаган.

Хўш, бугун қишлоқда аҳвол қандай?

- Албатта, бугун уйда ўтириб жаҳоннинг хоҳлаган мамлакатига телефон қилиш имконияти пайдо бўлди, - дейди ўқитувчи Замира Хидирова. – Тўғри, бир пайтлари Ўзбекистон телерадиоканалларини кўриб ҳам, тинглаб ҳам бўлмас эди. Энди бўлса, хорижда ишлаётган яқинларим билан кунора видеочақириқ орқали кўриб суҳбатлашиб турамиз.

Замонавий рақамли технология воситалари ҳар бир оҳаликликнинг хонадонига кириб келиб, юқори тезликдаги интернет ва барқарор алоқа улар ҳаётида муҳим ўрин тутмоқда. Ҳозир Оҳаликда 800 нафар истеъмолчи учун 2 та оптик алоқа нуқталари ўрнатилган бўлиб, улар ёрдамида сониясига 1,5 гб. интернет алоқаси етказиб берилмоқда. Бундан ташқари 80 фоиз аҳоли MobiUz, Ucell, “Ўзбектелеком”, Ўзмобайл каби мобил алоқа операторларининг хизматларидан фойдаланиб келишади.

- Мазкур алоқа операторларининг антенна базалари қишлоқнинг энг баланд нуқтасига ўрнатилган, - дея маълумот берди Самарқанд туман телекоммуникация боғламаси муҳандиси Одилжон Мирзаев тоғ қишлоғига ташкил этилган пресс-тур иштирокчиларига. - Ҳар бир компания ўзларига тегишли бўлган, базаларининг доимий ишлашини таъминлашади. Тоғ ҳудуди, айтиб бўлмайди, тўсатдан электр энергияси ўчиб қолса, алоқа ҳам тўхтайди. Бироқ, унинг бартараф этиш йўлини топишган - қуёш батареялари, аккамулятор, генератор ва бошқа муқобил манбалар ёрдамида алоқани қайта йўлга қўйишади. Шунингдек, компанияларнинг мобиль бригадалари кечаю-кундуз базалар ҳолидан хабар олади.

Самарқанд туманида ҳам телекоммуникация инфратузилмаси яхшиланиб, ҳозиргача 1,4 минг километр узунликда оптик толали алоқа линиялари тортилди. Кенг полосали портлар сони 58,7 мингтага, истеъмолчилар сони эса 23,5 минг нафарга етди.

- Иш юритишдан тортиб, таълим, тиббиёт ва кундалик мулоқотгача бўлган кўплаб соҳалар телекоммуникация инфратузилмасининг ривожига боғлиқ, - дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиев. - Шу боис, вилоятимизда аҳолини барқарор алоқа, юқори тезликдаги симли ва мобил интернет билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг мақсади интернет тезлигини ошириш ва вилоятимизнинг 100 фоиз ҳудудини алоқа таъминоти билан қамраб олишдир.

Бугунги кунда вилоятимиз бўйича оптик толали алоқа линиялари узунлиги  25,1 минг километрга, кенг полосали портлар сони эса 763,3 минг етказилди. Айни вақтда абонентлар сони 296,3 мингтани ташкил этади. Алоқа ўтказувчанлиги вилоят бўйича сониясига 600 Гб бўлса, туманларда 60 Гбни ташкил этяпти. 9788 та база станциялари 3,1 миллион мобиль алоқа истеъмолчиларига хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 654,3 километр оптик толали магистрал алоқа линиялари қурилди.

Нуробод туманидаги Саҳоба, Тутли, Хазармали, Оймахол, Қўшработ туманидаги Қизилбулоқ, Дўлана, Сунбул, Хўжасой, Бегали ва Шағолсой каби тоғли қишлоқ аҳолиси учун ҳам юқори тезликдаги телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди.

***

P/S. Пресс-тур давомида шу маҳаллада яшовчи Феруз Нурмаҳаммедов уйи марказдан олисроқда эканлиги учун анчадан буён интернет тармоғи ўтказишга қийналаётганини айтиб, ёрдам беришимизни сўради. Биз билан бирга юрган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Д.Хўжамбердиев унинг мурожаатини тинглаб, мутахассисларига тадбир якунигача Феруздан бошқа яна 3 та фуқаронинг ҳам хонадонига интернет тармоғини ўтказиш бўйича топшириқ берди. Тадбир якунида ўша мурожаатчилар уйларига интернет кириб келганидан хурсанд эканлигини айтиб, бизга қўнғироқ қилиб миннатдорчилик билдирди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.