Тожикистон Афғонистон томонидан жангарилар кириб келишига қарши зарур чораларни қўрмоқда

Тожикистон ҳукумати Афғонистон томонидан жангарилар кириб келишига қарши барча зарурий чора-тадбирларни қўлламоқда, чегара ҳудудлар назоратга олинган. Бу ҳақда 27 июль куни Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин РИА Новости нашрига сўзлаб берди.

“Тожикистон-Афғонистон чегараси ҳудудидаги вазият нотинч бўлиб қолмоқда. Сабаби, сўнгги вақтларда чегарадош ҳудуддаги Афғонистон Қуролли кучлари давлат постларига жангарилар томонидан кўплаб ҳужумлар уюштирилмоқда. Аммо биз Афғонистондан Тожикистонга жангарилар кириб келишига қарши барча зарурий чора-тадбирларни қўллаяпмиз”, деди Муҳриддин.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистон Афғонистон хавфсизлик идоралари билан доимий алоқада бўлиб турибди ва чегарадаги вазият бўйича тезкор ахборот алмашуви амалга оширилмоқда.

Афғонистон билан чегарадош ҳудудлардаги вазият кескинлашгани сабабли Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Хавфсизлик кенгаши аъзоларига Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарларига Афғонистон билан чегарадош ҳудудлардаги хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ зарурий чора-тадбирларни кўриш ҳақида топшириқ берди.