Томойротлик онахоннинг кўзи операция қилинадиган бўлди

Пайариқ туманида вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ш.Аҳмедовнинг навбатдаги сайёр қабули ўтказилди. Тумандаги 71-мактабда ўтказилган қабул давомида фуқароларнинг муаммолари тингланди.
Фуқаролар ички йўлларни таъмирлаш, симёғочларни алмаштириш, трансфарматорнинг юқори кучланишлисини ўрнатиш, кўз операцияси билан боғлиқ ва бошқа масалаларда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишди.
- Бугунги сайёр қабул давомида кўзимни операция қилдиришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим, - дейди Томойрот маҳалласида истиқомат қилувчи онахон Ойзода Жомуродова. – Якка-ёлғизман, туман ҳокимлиги томонидан ажратилган қишлоқ врачлик пункти биносида яшайман. Жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун эса моддий имконим йўқ. Қабулда операция қилдириш учун амалий ёрдам беришларини айтиб, кўнглимни тоғдек кўтаришди.
Сайёр қабулдан сўнг уйма-уй юриб, аҳоли муаммолари ўрганилди. Жумладан, Қумчуқ маҳалласида яшовчи фуқаро Ирода Раҳимова фарзандларини ёлғиз улғайтирмоқда. Фуқаро газ плитаси билан таъминлашда амалий ёрдам сўради. Унга газ плитаси, суюлтирилган газ баллони, гилам ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
- Касалмандман, фарзандларимни ўзим катта қиляпман, - дейди И.Раҳимова. - Қариндошларим, қўни-қўшнилар ёрдами билан уй қурганман. Лекин уни жиҳозлашга, рўзғор учун зарур буюмларни сотиб олишга қўлим калталик қилаётганди. Мутасадди раҳбарларнинг ташрифи қатор рўзғордаги камчиликларимнинг бартараф этилишига сабаб бўлди.
Шунингдек, Қумчуқ маҳалласида истиқомат қилувчи Нигора Раҳматуллаева хонадонига ҳам рўзғор учун зарур газ плитаси етказиб берилди.