Тўрт оёқда юрадиган одамлар
Туркиянинг чекка бир бурчагида жуда ғайриоддий оила яшайди, унинг беш аъзоси тўрт оёқда ҳаракатланиши туфайли дунё эътиборига тушган. Беш ака-ука ва опа-сингиллар болаликдан ҳаракат қилиш учун “олдинги” ва “кейинги” оёқларидан фойдаланиб юради. Бу қандайдир аҳмоқлик ёки бироз чўзилган ҳазил эмас ва энг муҳими, улар бошқача юришни билмайди. Қизиқ, бундай ғалати “юриш” нинг сабаби нимада экан?
Шуни таъкидлаш керакки, ўзига хос хусусияти туфайли бу оила бутун дунё олимлари ўртасидаги қизғин мунозаралар сабабчиси бўлди. Баъзилар, бу оила ортидан ном қозонишга ҳаракат қилиб, тўрт оёқлаб юрадиган одамлар “эволюциянинг тескари авлоди”ни ифодалайди, деб айтаётган бўлса, бошқалари уларни ногирон деб атайди.
Бундай юриш инсон бир пайтлар қандай қилиб тик бўлиб қолганлиги жумбоғини очишга кўмак беришига амин бўлган бир гуруҳ олимлар оила ДНКсида инсон эволюцияси билан боғлиқ кўплаб саволларга жавоб бера оладиган ген мавжудлиги тахминини олға сурди. Бошқалари тўрт оёқда ҳаракатланиш одати генетик хусусиятга эмас, балки атроф-муҳитга боғлиқ эканлигини таъкидлашади. Нима бўлганда ҳам, кунларнинг бирида қардошлар икки оёқда юришни хоҳламай қўйишди.
Уларнинг юриш-туришларини синчиклаб ўрганиб чиққан олимлар, тўрт оёқда юришнинг сабаби камдан-кам учрайдиган генетик касаллик - Унер Тан синдроми (оила 2005 йилда Туркияда Адана университети тиббиёт факультети ўқитувчиси турк неврологи томонидан кашф этилган) деган хулосага келишди. Ушбу назариядан маълум бўладики, агар танлаш ҳуқуқи берилганда, оила аъзолари ўзи учун бундай тақдирни танламаган бўларди.
Тўғри юра олмасликдан ташқари, Унер Тан синдроми билан оғриган одамларда нутқ муаммолари ва ақлий заифлик ҳам мавжуд. Гап шундаки, касаллик танадаги тана ҳолати ва мувозанатини сақлашда иштирок этадиган кичик мияга таъсир кўрсатар экан.
Аммо нега катта оиланинг 19 аъзосидан фақат беш нафари сайёрадаги энг кам учрайдиган касалликни “мерос” сифатида олган? Ўрганишни давом эттирган олимлар, бу генетик оғиш Ҳатай вилоятидан бўлган курдларнинг бир бирига яқин қариндош бўла туриб, турмуш қурганлигининг натижаси деган хулосага келишди.
Айтиш керакки, ғайриоддий турк оиласи нафақат жаҳон илмий жамоатчилиги, балки кўнгиллиларнинг ҳам эътиборини тортди. Кўнгиллилар ўз олдига оилага ҳар қандай ҳолатда ҳам тўғри юришни ўргатиш вазифасини қўйди. Улар оила истиқомат қиладиган қишлоққа одатда вақтинча ҳаракат қобилиятини йўқотган одамларни реабилитация қилишда фойдаланиладиган махсус тутқичлар ва тренажёрлар олиб келиб ўрнатишди ва ҳатто муваффақиятга эриша бошладилар.
Айтганча, туркиялик оила Унер Тан синдромининг ягона эгалари эмас. Дунёда тўрт оёқлаб юрадиган яна кўп одамлар бор: уларни Болгария, Хитой ва Ироқда топиш мумкин.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.