ТошДАУ Самарқанд филиали ёш олимларининг 6 та лойиҳаси молиялаштирилади
Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ёш олимларнинг 6 та лойиҳаси “Самарқанд вилояти ёшларининг инновацион ғоялари ва стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш дастури”нинг охирги босқичида ғолиб деб топилди.
Хусусан, ёш олимлар – Бобур Шониёзовнинг “Aмарат XXI аср ўсимлиги”, Гулноза Жумаеванинг “Phytobar-super power”, Дилшод Қўчқоровнинг “Қишлоқ хўжалик экинларини паст ҳароратдан ҳимоялаш технологиясини жорий қилиш”, Шодмон Нурқобуловнинг “Витграсс истеъмол қилинг, саломат бўлинг”, Сирожиддин Қаҳҳоровнинг “Инновацион ресурс-тежамкор кичик ёпиқ майдон”, Aнвар Шамсиевнинг “Aнтиоксидантларга бой батат уни ишлаб чиқариш” лойиҳалари 706,86 миллион сўм миқдорида амалиётга жорий қилиш учун молиялаштиришга тақдим этилди.
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида 23 декабрь куни “Ёш инноваторлар форуми” ўтказилди. Тадбирда филиал жамоаси танловлардаги фаол иштироки учун Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, “Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” доирасида ўтказилган “Ёшларнинг энг яхши инновацион ғоялари” ҳакатонида филиалнинг 2-босқич магистранти Сирожиддин Қаҳҳоров ўзининг “Броколли карамидан карамбош, мой ва экстракт олиш технологияси” мавзудаги лойиҳаси билан қатнашиб, “Энг яхши стартап таклифи” номинациясида ғолиб бўлди ва 5 миллион сўм пул ютуғини қўлга киритди.