Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали дастлабки ҳамкорлик алоқаларини бошлади

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 сентябрдаги “Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Оқдарё тумани Даҳбед қўрғони, Амир Темур кўчаси, 7-уйда Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали ташкил этилди.

- Филиалда қишлоқ хўжалигида инновацион ресурс тежайдиган илғор технологияларни қўллаш, “Ақлли қишлоқ хўжалиги” (Smart agriculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрлар тайёрланади, - дейди филиал директори Шавкат Ҳасанов. - Шу мақсадда филиал дастлабки илмий-амалий ҳамкорлик алоқаларини USAID халқаро ташкилоти (АҚШнинг халқаро тараққиёт дастури) билан йўлга қўйди. Халқаро ташкилотнинг AVC “Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида филиалга беғараз ёрдам сифатида боғдорчилик соҳасида бир қатор ўқув ва илмий адабиётлар ҳамда лаборатория жиҳозлари, илмий-тадқиқотлар олиб бориш учун замонавий асбоб-ускуналар тақдим этилди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда юқори қўшимча қийматли боғдорчилик маҳсулотлари етиштириш ҳамда шу соҳада замонавий кадрлар тайёрлашга қаратилган.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.