Тошкент вилоятида вояга етмаган болалар жасади топилгани ҳақидаги хабар ўз тасдиғини топмади

Интернет тармоғида ва Telegram мессенжерида Тошкент вилояти ҳудудида вояга етмаган болаларнинг жасадлари ички органлари бўлмаган ҳолатда топилганлиги ҳақидаги маълумот тарқамоқда. ИИББ матбуот хизмати бу хабарларга расмий изоҳ берди.

Ушбу маълумотлар ҳақиқатдан йироқ. Шунингдек, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳаракатланиб юрган ва вояга етмаганларга қизиқиш билдирувчи жиноятчи пайдо бўлганлиги ҳақидаги хабарларда ҳам асос йўқ.

Тошкент шаҳар ИИББ асоссиз маълумотларни тарқатиб, ваҳима ўйғотаётган кимсаларнинг шахсларини аниқлаш бўйича чора кўрмоқда.

Хабарда фуқаролардан миш-мишлардан келиб чиққан асоссиз маълумотларни тарқатмаслик, ваҳима ва миш-мишлар манбаи бўлмаслик сўралган.

Агарда сизда бирор-бир маълумот бўлса, Тошкент шаҳар ИИББнинг матбуот-хизмати билан боғланиб, уни аниқлаштириб олиш лозим.