Самарқандда 85 нафар адашиб қолган вояга етмаганлар ота-оналарига етказилган

Бугунги кунда 3 миллион 857 минг нафардан кўпроқ вилоят аҳолисининг 1 миллион 357 минг зиёдроғини 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар ташкил этмоқда.

Жорий йилнинг ўтган фақатгина бир ойи давомида вояга етмаганларни назоратсизлиги ва қаровсизлигига барҳам бериш, улар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида тегишли идорлар билан ҳамкорликда бир қатор профилактик тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, назоратсиз ва қаровсиз юрганлиги учун келтирилган вояга етмаганлар билан якка тартибда профилактик суҳбатлар олиб борилиб, уларнинг, 88 нафари вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам  кўрсатиш марказларига, 3 нафари Чиноз туманидаги 5-сонли махсус мактабга жойлаштирилди.

Бундан ташқари, ички ишлар органларининг профилактик ҳисобда турган вояга етмаганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни назоратсизлигига барҳам бериш мақсадида, 107 нафари ўқишга қайтарилди.

Назоратсиз юрган 74 нафар вояга етмаганлар қизиқиши бўйича спорт тўгаракларига, 2 нафари кичик бизнес шахобчаларига жалб қилинди, 8 нафари “Баркамол авлод” марказига жойлаштирилди.

Ички ишлар органларининг профилактик ҳисобда турган 282 нафар вояга етмаганлар томонидан такрорий жиноятлар содир этилишини олдини олиш мақсадида, ҳар бирига яшаш ва ўқиш жойларидан жамоатчилик асосида мураббийлар, таълим муассасаларининг психологлари масъул этиб бириктирилди.

Бозорларда, интернет клубларда, айниқса тунги вақтларда, ота-онаси ёки уларни ўрнини босувчи шахслар назоратисиз юрган вояга етмаганларни аниқлаш бўйича щтказилган манзилли рейдлар давомида 85 нафар адашиб қолган вояга етмаганлар аниқланиб, ота-оналарига етказилди.

Бундан ташқари, фарзандига таълим тарбия бериш мажбуриятларини бажармаган 49 нафар ота-оналарга ва 28 нафар вояга етмаганларга нисбатан, жами 77 нафар шахсларга тегишли маъмурий таъсир чоралари кўрилди.

Вояга етмаганлар назоратсизлигига барҳам бериш, улар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш мақсадида, биринчи навбатда, ижтимоий оғир аҳволда истиқомат қилувчи оилалар ва фарзанди тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ота-оналар қаромоғидаги вояга етмаганлар билан якка тартибдаги профилактик тадбирларни кучайтиришга эътибор қаратилмоқда.

Иккинчидан, вояга етмаганлар орасида қасд-суқасд қилиш ҳолатларини олдини олиш, жиноят содир этишга мойил вояга етмаганни руҳиятини, муаммоларини ўрганиб, шунга қарата профилактик тадбирларни ташкил этиляпти. Жиноят содир этишга мойил вояга етмаганларни ўрганишда психологлар имкониятидан фойдаланилмоқда.