Тошкентдаги саноат ярмаркасида Самарқанднинг 40 та корхонаси 32 миллиард сўмлик шартнома имзолади
Жорий йилнинг 27-28 ноябрь кунлари Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ”да Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтди.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкил этилган мазкур ярмарка йирик саноат корхоналари билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар ўртасида кооперация алоқаларини янада мустаҳкамлаш, сифатли бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришда уларнинг ҳамкорлигини ошириш, шунингдек, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорларни кенг жалб қилишга қаратилди.
Мазкур ярмаркада Самарқанд вилоятидан 40 та саноат корхонаси ўз маҳсулотлари билан иштирок этиб, хомашё ва тайёр маҳсулотлар харид қилиш, сотиш бўйича кооперация алоқаларини кенгайтириш юзасидан 32,2 миллиард сўмлик шартномалар имзолашди.
Вилоятнинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, қўшимча ва янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун керакли хомашё, бутловчи қисмлар, технология ва жиҳозлар рўйхати аниқланди. Маҳаллийлаштириш дастурига қўшимча 8 та импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар 17 турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.