Жомбойлик тадбиркор қўшни давлатларга 300 минг долларлик маҳсулот сотади
Жомбой туманидаги “Sof Expo Samarkand” кўргазмалар мажмуасида бошланган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ва Самарқанд саноатчилари Форумида 300 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар 1 700 ортиқ маҳсулот турлари билан иштирок этмоқда.
Кўргазма доирасида ёшларнинг стартаплари ва илмий ишланмалари намойишлари ҳам ташкил қилинган.
Шунингдек, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси тадбиркорликни кенгайтириш учун янги ҳудудлардаги ер майдонлари бўйича ахборотлар, божхона бошқармаси импорт қилинаётган ва маҳаллийлаштириш имкони бўлган маҳсулот, хомашё ва материаллар рўйхати ва намуналарини намойиш этмоқда.
Бу галги кўргазмада йирик ва янги ташкил этилган, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.
- Фаолиятимизни 2019 йилда автомобиль тўшамалари ишлаб чиқаришдан бошлаганмиз, - дейди Жомбой туманидаги “EURO MATS” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муҳаммаджон Алимов. – Жорий йилдан эса Хитой ва Россиядан замонавий ускуналар келтириб аввал импорт қилинган “Ева” хомашёсини корхонамизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Бу лойиҳа ҳозирча МДҲ давлатлари орасида биринчиси бўлиб турибди. Хомашёни тайёрлаш учун Хитой, Тайван, Жанубий Кореядан кукун ҳолида маҳсулотни келтириб, ярим тайёр ҳолида хомашё тайёрлаймиз. Лойиҳани ишга тушириш орқали 50 та доимий, 40 та мавсумий иш ўрни яратилди. Шу ойда Қозоғистон ва тожикистонлик ишбилармонлар билан маҳсулот экспорти борасида 300 минг долларлик шартнома имзоладик.
Эслатиб ўтамиз, саноат ярмаркаси ва Самарқанд саноатчилари Форуми бугун, 31 май куни ҳам ўз ишини давом эттирмоқда.