Тошкентга саёҳат манзур бўлди

Яқин орада Тошкент шаҳрига борганмисиз? Шаҳарнинг бугунги энг гўзал ва бетакрор гўшаларини айланиб томоша қилганмисиз? Осмонўпар, замонавий бино ва иншоотларидан ҳайратландингизми? Қандай таассурот орттирдингиз? Зўр-а!!! 

Яқинда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” лойиҳаси доирасида касаба уюшмалари ташкилотлари вилоят кенгаши ташаббуси билан  корхона ва ташкилотлар бошланғич касаба уюшма аъзолари ва уларнинг оиласи вакилларидан иборат 50 киши Тошкент шаҳрига 2 кунлик саёҳатга бориб келди.

Eрта тонгдан маҳаллий сайёҳлар билан тўла замонавий автобус Самарқанд шаҳридан касаба уюшмалари вилоят кенгаши вакиллари кузатувида йўлга отланди. Қадим шаҳарнинг кенг ва равон йўллари бўйлаб ўтар эканмиз, аввало, кўзимиз йўл ёқасида замонавий лойиҳалар асосида қад ростлаётган янги турар-жой бинолари, тадбиркорлик субектларига тушди. Чўпонота тепаликларидан ўтиб, Зарафшон дарёси бўйида қурилаётган Самарқанд - Ургут темирйўли эътиборимизни тортди. Ўнлаб махсус техникалар темир йўл учун йўлак ҳозирламоқда. Жомбойдан то Жиззах довонигача бўлган боғ-роғлар, бино ва иншоотлар йўловчиларнинг кайфиятини кўтарди.

Ўн йиллар илгари Тошкент шаҳрига боришда йўлда зерикканимдан ухлаб кетган эдим, - дейди Нарпай туманидаги 16-мактаб ўқитувчиси Зарифа Султонова. – Бу сафар эса йўл инфратузилмасини кўриб, ҳайрон қолдим. Айниқса, яшилликка бурканган интенсив боғлар, балиқ парваришланаётган ҳовузлар, соя-салқин ошхона ва бекатларни кўриб, наҳотки шу вақт ичида шунчалик ўзгариб кетган бўлса, деб ўйлаб қолдим. Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳудудидаги бирор қизиқроқ нарсани ўтказиб юбормай, деб мижжа қоқмай кетдим.

Тушга яқин Тошкент шаҳрига кириб келдик. Республика касаба уюшмалари федератсияси қошидаги “Саёҳат сари” меҳмонхонасига жойлашдик. Шинам хоналаримизда бироз дам олиб, овқатландик. Тушликдан сўнг саёҳатни Ғалаба боғи билан танишишдан бошладик. Тан олишим керак, бу боғ қурилганига беш йил ўтган бўлса-да, энди бориб кўрдим. Президентимиз ташаббуси билан яратилган ушбу боғдаги экспонатлар Иккинчи жаҳон урушида буюк ғалабага улкан ҳисса қўшган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг жасорати ва матонати ҳақида ҳикоя қилади. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 14,7 гектар майдонда жойлашган мазкур боғ пандемия сабабли жорий этилган карантин шароитида бунёд этилган. 2020-йил 9-майда Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш доирасида Ғалаба боғи очилган.

- Ғалаба боғи ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялайдиган маскан бўлибди, - дейди Абу Али ибн Сино номидаги Сўғдиёна жамоат саломатлиги техникуми нуронийлар кенгаши раиси Баҳриддин Умаров. - Бу боғ урушнинг асоратларини унутмасликка, доимо огоҳ бўлишга чорлайди. Шунинг билан бирга аҳолининг мазмунли дам олиш жойи, маданий-оммавий тадбирлар, ижодий маънавий-маърифий тадбирлар, адабий учрашувлар маскани бўлиб хизмат қилади.

Боғни айланиб юрар эканмиз, сокин мусиқа садоси остида юз минглаб навқирон ватандошларимиз жанг майдонларида қон тўкиб, жон берганликлари, уларнинг жасоратидан кам бўлмаган  фидойилик кўрсатган фронт ортидаги хотин-қизлар, кексалар ва ёшларнинг чинакам қаҳрамонликлари халқимиз учун шон-шараф мактаби, ғурур-ифтихор манбаи эканлиги тўғрисидаги сўзлар жаранглаб турарди.

Шундан кейин Мирзо Бобур кўчасида жойлашган “Иcе ситй” номли кўнгилочар марказда бўлиб, қишки ўйинлар аттраксионлари, фигурали учиш ва хоккей майдончаси, чанғи, конки ва чанада учиш йўлаклари каби ўнга яқин кўнгилочар ўйинлар гувоҳига айландик.

- Айниқса, жазирама иссиқ кўчадан келиб қолсанг, чиққинг келмай қоларкан, - дейди “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали Жомбой туман бўлими бош муҳандиси, гуруҳ раҳбари Жасур Мамаражабов. – Ўйин аттраксионларида учиб мазза қиласан, тананг яйрайди. Бу нафақат болалар, балки биз - катталар учун ҳам завқли бўларкан.

Eртасига Оқсарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов хотира музейи бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Шунингдек, “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи ҳамда “Магиc Cитй” кўнгилочар масканида бўлдик.

Самарқандлик сайёҳлар касаба уюшмалари вилоят кенгаши томонидан яратиб берилган имкониятлар туфайли Тошкент шаҳрининг яна кўплаб диққатга сазовор жойларини бепул томоша қилишди, мириқиб ҳордиқ чиқаришди. Хуллас, шаҳарнинг гўзал масканлари, ҳашаматли саройлари, барпо этилаётган бинолар, муҳташам кўприк, тоннел ва йўллар барчамизда катта таассурот қолдирди.

Самарқандга бир олам қувонч билан қайтиб келар эканмиз, саёҳатни ташкил этган ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирдик. Касаба уюшмаларининг ходимлар ҳақида доимий қайғуришини кўриш бизга янада куч бағишлайди.

Тиббиётда кўп саёҳат қилиш инсон умрини бир неча баробар узайтириши тасдиқланган. Ҳар бир инсон ўз яқинлари, оиласи, ҳамкасблари, дўстлари билан саёҳатга чиқишни, унутилмас дамларни бошдан ўтказишни хоҳлайди. Рост, шундай кунлар бутун умр ёдда қолади.

Дилмурод ТЎХТАEВ,

Самарқанд-Тошкент- Самарқанд.