Тўтиқушлар ёрдамида очилган жиноятлар

Одатда жиноятчиларни қидиришда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига махсус ўргатилган итлар ёрдам беради. Лекин оддий уй тўтиқуши туфайли адолат ғалаба қозонган ҳолатлар ҳам бор. Қуйида ушбу нозик ва садоқатли қушлар очиб берган жиноятлар тўғрисида сўз юритамиз.

“Илтимос қўйиб юборинг!”
2021 йилнинг сентябрь ойида Аргентина суди икки эркак билан қўшничилик қиладиган 46 ёшли Элизабет Толедонинг ўлдирилиши бўйича асосий гувоҳни сўроқлаётган эди. Бу ўлдирилган аёлнинг гапирадиган тўтиқуши бўлиб чиқди. Терговчилар унинг уйида тинтув ўтказишар экан, тўтиқуш “Йўқ, илтимос, менга тегманг!” деб қичқира бошлади. Элизабетнинг қўшниларидан бири тўтиқуш ёнидан ўтиб кетаётганида қуш қанотларини қоқиб, "Нега мени ураяпсан?”, деди. Аёлнинг қўшнилари - 53 ёшли Мигел Ролон ва 65 ёшли Хорхе Алваресдан олинган генетик намуналар уларнинг қотилликка алоқадорлигини исботлаб берди.

Уй ҳайвонлари дўконидаги можаро
2011 йилда Ван Лу исмли пекинлик кишига тегишли қимматбаҳо наслли тўтиқуш ўғирлаб кетилди. Ўғри уни сотиш учун зоологик дўконларнинг бирига топширган экан. Бироз вақт ўтгач Ван Лу тасодифан худди шу дўконга кирди. Севимли эгасини таниган тўтиқуш чинакам ғала-ғовур кўтарди – у баланд товуш чиқариб, эгаси бир вақтлар унга ўргатган ибораларни ифода этиб бақира бошлади.
Ўғирланган тўтиқуш ўз эгаси Ван Луни ўзига қаратди, у эса албатта ҳаяжонланган қушини осонгина таниди. Шундан сўнг дўкон эгаси ушбу тўтиқушни олиб келган шахснинг исми-шарифи ва манзилини полицияга ёзиб берди ва ўғри тезда қўлга олинди.

“Жей-Жей”
Маршмеллоу исмли яшил тўтиқуш АҚШнинг Мемфис шаҳридаги ўз бекаси Фелиция Коббнинг уйида яшарди. Бир куни унинг уйига ўғрилар кириб яхшилаб “ишлашди”. Улар нафақат пул ва заргарлик буюмларини, балки уйдаги телевизор, DVD-плеер, компьютер ва ҳатто радиоприёмник каби барча электроникани ҳам олиб чиқиб кетишди.

Ўғрилик пайтида жиноятчилар бир-бирлари билан хотиржам мулоқот қилишарди, шу сабабли Маршмеллоу ўғрилардан бирининг исмини эслаб қолди. Улар “ўлжа”ларни машинага ортиб кетмоқчи бўлганида, тўтиқуш тўсатдан баланд овозда Жей-Жей исмини чақира бошлади. Ўғрилар эса унга эътибор бермай бамайлихотир жўнаб кетишди. Бирмунча вақт ўтгач, улар гапирадиган уй ҳайвони уларни “сотиши” мумкинлигидан хавотирланиб, бу уйга қайтишга қарор қилишди. Лекин бу қайтиш улар учун қимматга тушди: ўғрилар уй олдига яқинлашиши билан полициячилар томонидан ҳибcга олинди.

Агра хазинаси
Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида ҳақиқий “хазина” – Геракл исмли тўтиқуш яшайди. У ўз бекасининг қотилини топишда ёрдам берган. 45 ёшли Неелам Шарма ва унинг ити ўз квартирасида ўлик ҳолда топилган ва полиция бу жиноятни очиш учун калаванинг учини топа олмади. Марҳумнинг эри Вижай Шарма хотинининг жияни Ашу ҳар гал уйга келганида қушнинг хатти-ҳаракатлари кескин ўзгариб туришини пайқаб қолди.

Ўз бекаси ўлдирилишини кўрган, одатда дўстона ва хотиржам Геракл гарчи бошқа пайтларда хона бўйлаб эркин учишни афзал кўрган бўлса-да, Ашуни кўриши билан қўрқиб, қафас бурчагига бекиниб оларди. Бундан ташқари, Ашу олдида тўтиқушнинг ҳатто эгасининг мулойим сўзларига ҳам эътибор қилмаслиги ва гапиришдан бутунлай воз кечиши эркакни ҳайратда қолдирарди. Шунда эгаси тўтиқуш қотилликни кўрган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди ва Гераклга ўша куни уйга келган кишилар исмларини бирма-бир айта бошлади.

Ашу исми тилга олинганда Геракл қаттиқ чинқириб бақира бошлади. Вижай бу ҳақда полицияга хабар берди ва Ашу сўроққа чақирилди. Кўп ўтмай у қариндошларини талон-торож қилиш учун келгани, лекин холаси уни кўриб қолгани ва уни ўлдиришдан бошқа иложи қолмаганини тан олди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.