Тойлоқ туманида тан жароҳати сабаб оламдан ўтган ёш жувон воқеасини Сенат томонидан тузилган ишчи гуруҳ ўрганди
Июль ойида бўлган бу ҳолатда 30-31 ёшлардаги аёл туман тиббиёт бирлашмасига келтирилган. Мулоқотга киришолмаган аёлнинг қариндошлари томонидан у яшаш хонадонида зинадан йиқилиб, тан жароҳати олганлиги билдирилган.
Туман тиббиёт бирлашмасининг маълумотномасида танасида верпедроссперантравма (4-бўйин умумртқасининг силжиши) каби тан жароҳатлари бўлган ёш жувон ТТБнинг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Қасддан баданга оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноят сифатида кўрилаётган ҳолат бўйича туман ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Олий Мажлис Сенатининг 2022 йил 5 августдаги қарорига мувофиқ, оила-турмуш доирасидаги низолар оқибатида содир этилаётган ҳар бир оғир ва ўта оғир жиноятларни таҳлил қилиш, шу асосда уларни бартараф этиш ва келгусида олдини олишга оид масала ялпи мажлисда муҳокама қилиш режалаштирилган.
Қарордан келиб чиқиб, Сенат қўмитаси томонидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари Тойлоқ туманида бўлиб, ҳолатни тегишли мутасаддилар ва масъул тузилмалар мутахассислари иштирокида муҳокама қилди.
Мулоқотларда жиноятни юзага келтирган сабаб ва шарт-шароитлар ўрганилиб, тегишли таклифлар тайёрланди.