Тойлоқда иш кўп, ишсиз ёшлар ҳам

Тойлоқ туманида давлат ва жамоат ишларида меҳнат қилаётган билимли, тадбиркор ва ҳунарманд ёшлар кўп. Шу билан бирга ишсиз йигит-қизлар ҳам талайгина. Аҳамиятлиси, меҳнат қиламан деган кишига туманда иш топилар экан.

Тойлоқ ёшларининг қанчаси хорижда?

Тойлоқ туманида 200 минг 537 нафар аҳоли истиқомат қилса, уларнинг 117 минг 60 нафари ёшлардан иборат. Жорий йил бошида 922 нафар ишсиз ёшлар рўйхати шакллантирилган бўлиб, шундан 244 нафари умумий ўрта таълим мактабларини, 602 нафари ўрта махсус таълим муассасаларини тамомлаган, 39 нафари эса олий маълумотли йигит-қизлар. Шунингдек, 6 нафарининг имконияти чекланган, 31 нафари жазони ижро этиш муассасасидан озод этилганлар.

- Туманимиз ёшларидан 347 нафари хорижда таълим олмоқда, - дейди туман ҳокими ўринбосари Жаҳонгир Ҳақбердиев. – 4215 нафар ёш эса турли сабабларга кўра чет мамлакатларга ишлаш учун кетган. Уларнинг 318 нафари пандемия сабаб ўз уйларига қайтиб келди. Шунинг учун ҳам ишсиз ёшлар сони бироз ортди. Шу йилнинг ўтган даврида ишсизлар рўйхатида турган ва хориждан қайтган ёшлардан 1272 нафарининг бандлиги таъминланди. Жумладан, 171 нафар ёш жорий йилнинг ўтган даври мобайнида туманда 17 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида яратилган иш ўринларига жойлаштирилди.

Ўғилой ая фидокор ёшлардан миннатдор

- Уйимиз томидан чакка ўтарди, - дейди Эски Жума маҳалласида яшовчи Ўғилой ая Фаттоева. – Турмуш ўртоғим ва ўғлим оламдан ўтган. Бу уйда ёлғиз қизим билан қолганман. Яна бир қиш шу аҳволда яшасак, бизни том босиб қолишидан қўрқардим. Карантин бошланган пайтда саховат ёрдами сифатида озиқ-овқат маҳсулотларини кўтариб келган ёшлар уйимнинг нураётган жойларини фото ва видеотасвирга тушириб кетди. Кўп ўтмай туман ҳокимлиги вакиллари, ҳомий тадбиркорлар, ёш уста йигитлар ёрдамга келди ва ҳовлимизда ободонлаштириш, таъмирлаш ишлари бошланиб кетди. Мана ҳозир уйимиз томи тунука билан қопланди. Ошхона ва ҳаммом қуриб беришяпти. Ёшлардан миннатдорман.

Тойлоқ фидокор ёшлар отряди республикамизда биринчилардан бўлиб ташкил этилди. Вақтинчалик ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган ёшлар орасидан 36 нафари шу отрядда меҳнат қилмоқда. Улар уч гуруҳга бўлиниб, тумандаги ёрдамга муҳтож оилаларнинг уй-жойларини таъмирлаш, ҳовлиларини тартибга келтириш, томорқаларида экин экиш каби вазифаларни бажармоқда.

- Шу пайтга қадар ишсиз эдим, - дейди Юқори Тойлоқ қишлоғида яшовчи Қаҳрамон Эргашев. – Яқинда ташкил этилган “Фидокор ёшлар отряди”га қабул қилиндим. 700 минг сўмдан зиёдроқ маош оламиз. Тўрт мучам соғ. Пешона тери билан топган пул баракали бўлади. Тўғри, ойлик миқдори кўп эмас, аммо савоб ишга ҳисса қўшаётганимдан хурсандман.

Ёш тадбиркор тенгдошларидан 6 нафарини ишга таклиф этади

Туманнинг Тепа қишлоғида яшовчи ёш тадбиркор Тўлқин Тожибоев “Yoshlar kelajagimiz” жамғармаси ҳисобидан 500 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб “Муҳаммаджон Шоҳрўзбек Файз” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этди. Корхонага Хитойдан 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ эвазига ускуналар келтирилиб, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Аҳамиятлиси, 6 нафар йигит-қиз иш билан таъминланди.

- Бу ерда тайёрланаётган 8 турдаги маҳсулот республикамизнинг барча вилоятларига, Қорақалпоғистон Республикасига ҳам сотилмоқда, - дейди корхона иш юритувчиси Элёр Тожибоев. – Бир кунда 1 тонна маҳсулот ишлаб чиқармоқдамиз. Мижозларимиздан талаб катта. Цехимиз туман марказидан анча чекка ҳудудда жойлашгани маҳсулотларимизнинг сотилишига халал бермаяпти. Аммо фаолиятимизни кенгайтиришда бироз муаммоларга дуч келяпмиз. Биринчидан, корхона икки навбатда ишлаши учун бизга яна 6 нафар ишчи керак. Узоқдан қатнаб ишлайдиган йигитлар бўлса уч маҳал иссиқ овқат ва ётоқхона билан ҳам таъминлаймиз. Маоши 850 минг сўмдан 2 миллион сўмгача. Иккинчидан, фаолиятимизда тўхталишлар бўлмаслиги учун корхонамизга яна бир электр энергияси тармоғи тортилиши керак. Шамол ва ёғингарчилик сабаб бу масалада муаммо бўлмас эди. Агар табиий газ тармоғи тортилса, Хитойдан газ билан ишлайдиган ускуналар келтирардик. Натижада ишлаб чиқариш самарадорлиги ошиб, яна 10 дан зиёд ёшларни иш билан таъминлаш имконига эга бўлардик.

Туманда ҳамшираларнинг 24 нафари 0,25 иш ўрнида. Нега?

Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли муассасаларда минг нафардан зиёд ўрта тиббиёт ходимлари фаолият юритиб келаётган бўлса, 30 нафари 1,25 ва 1,5, 224 нафари 1,0, 351 нафари 0,75, 376 нафари 0,5, 24 нафари 0,25 иш ўрнида меҳнат қилмоқда. Ҳамшираларнинг 233 нафарини ёшлар ташкил қилади.

- Жорий йил бошида 0,25 иш ўрнида фаолият юритаётган ўрта тиббиёт ходимлари 120 дан зиёд эди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлими бошлиғи Фазлиддин Пардаев. – Шулардан бугунги кунда 24 нафари ўз ўрнида қолган. Нафақага чиқаётган ёки ишдан бўшаётган ҳамшираларнинг ўрни ҳисобига 6 нафар ходимнинг иш ўрнини ошириш чоралари кўрилмоқда. Қолган 18 нафари эса ўқувчилар сони 200 нафардан кам бўлган мактабларда ишлашга юборилган. Маълумки, мактабларда ҳамшира учун иш ўрни ўқувчилар сонига қараб ажратилади. Шунингдек, бугунги кунда 13 нафар коллеж битирувчилари тиббиёт муассасаларига ишга кириш учун навбатда турибди.

25 мурожаатчидан 3 нафарининг муаммоси ишсизлик

Ҳар сешанба куни туман аҳолиси учун секторлар раҳбарларининг сайёр қабуллари ўтказилар экан. Маданият маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси мудири Қ.Исмоилов, туман ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Н.Асадов, туман ИИБ бошлиғи Ш.Тоғаевлар томонидан ўтказилган сайёр қабулда 25 нафар мурожаатчидан уч нафари тиббиёт коллежларини битирган қизлар бўлди. Уларнинг муаммоси ишсизлик.

- Болаликдан шифокор бўлишни орзу қилардим, - дейди Жалолобод маҳалласида яшовчи Инобат Эшонқулова. – Аммо бу орзулигича қолмоқда. 2012 йилда Тойлоқ иқтисодиёт коллежини тамомладим. Олий ўқув юртига киролмай, бир неча йил бекор юрдим. Кейин эса ҳеч бўлмаса ҳамшира бўлиш истагида Ургут тиббиёт коллежида ўқидим. Бу таълим муассасасини қизил диплом билан битирдим. Маҳалламиздаги шифохонада ишлаш ниятида эдим, унинг ҳам фаолияти тўхтаб қолди. Бир ярим йилдан бери иш қидираман. Сайёр қабулда шу масала бўйича мурожаат қилдим. Натижа бўлмади. Тиббиёт муассасаларидан бирига навбат билан ишга олишлари мумкинлигини айтиб, рўйхатга киритишди. Завод ва фабрикаларда иш бор экан, аммо мен тиббиёт ходими бўлишни истайман.

Тойлоқда ишсиз ёшнинг ўзи йўқ(ми?)

Туман ёшлари орасида бирор корхона, идора ёки ташкилотда ўзига қулай иш тополмаслиги натижасида меҳнат шартномаси, доимий иш ҳақига эга бўлмаган, бироқ турли мавсумий ишлар билан банд бўлган ёки оиласида томорқа билан шуғулланиб, даромад топадиганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

- Аслида туманимизда ишсиз ёшнинг ўзи йўқ, десак хато бўлмайди, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими раҳбари Алишер Суюнбоев. – Томорқачилик ёки мавсумий ишлар билан шуғулланадиган, норасмий банд бўлган йигит-қизларимиз бор. Шунинг учун ўзини-ўзи банд қилиш тизими бўйича уларни расмий рўйхатга олиш орқали ҳам ёшлар бандлиги даражасини ошириш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, хонадонларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш имконияти катта эканлигини ҳисобга олган ҳолда, 2 гектар майдонда томорқачилик бўйича ўқув-тажриба станциясини ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу ердаги ўқув ва амалиёт жараёнларига ҳеч қаерда ишламайдиган, томорқаси бўла туриб ундан унумли фойдаланолмаётган ёшларни жалб қиламиз. Уларга тажрибали фермер ва тадбиркорлар мева-сабзавотларни етиштириш ва сотиш сирларидан сабоқ беради.

Туманда ўзини ўзи банд қилиш тизими бўйича 4102 нафар фуқаро рўйхатдан ўтиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда шу тизим орқали 2456 нафарининг расмий бандлиги таъминланди. Уларнинг аксарияти ёшлар.

“Ёшлар дафтари”га рўйхатга олиш бошланди

Давлатимиз раҳбари томонидан ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида, мамлакатимизда жорий этилган “темир дафтар”лар сингари, алоҳида “Ёшлар дафтари”ни шакллантириш белгилаб берилди.

Тойлоқ туманида ҳам шу масала бўйича махсус ишчи гуруҳлар тузилиб, маҳаллалардаги ишсиз йигит-қизлар рўйхатга олинмоқда. Маълумотларга кўра, жорий йил 5 октябрь ҳолатига тумандаги 38 маҳалла фуқаролар йиғинидан 616 нафар ишсиз ёшлар хатловдан ўтказилди.

Энди рўйхатга олинаётган ёшларнинг бандигини таъминлаш чоралари кўрилади. Бу масалада ишсиз ёшларга туман бандликка кўмаклашиш маркази ҳам яқиндан ёрдамлашади.

- Тумандаги корхона ва ташкилотларда мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумот ҳар ойнинг 5-санасига қадар туман бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этилиши белгилаб қўйилган, - дейди туман бандликка кўмаклашиш маркази директори Мансур Гадоев. – Шу асосида тумандаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар маҳаллалардаги эълонлар тахтаси ва ish.mehnat.uz сайти орқали фуқароларга етказиб турилади. Жорий йилнинг 5 сентябрь ҳолати бўйича марказимизга 42 та корхона ва ташкилотда 88 та бўш иш ўрни мавжудлиги ҳақида маълумотлар келиб тушган.

Тўлқин СИДДИҚОВ.

"Зарафшон" мухбири.