Транспорт вазирлиги ҳайдовчиларни огоҳлантирди
Ўзбекистон ҳудудига 21—24 ноябрда Волгабўйи орқали Россиянинг Европа ҳудуди марказий туманлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво оқими кириб келади.
Ўзгидрометнинг огоҳлантиришича, 21—25 ноябрда «Тошкент—Ўш» А-373 автомобиль йўлининг Қамчиқ довони ҳудудига қор ёғиши кутилмоқда. Довон ҳудудида туман тушиб, кўринувчанлик масофаси 50 метрга қадар пасаяди, шамол секундига 17—22 м/с. тезликда эсиб, қор ёғиши кучайиши мумкин. 21—23 ноябрда ҳарорат 3—5 даража совуққача, 24—25 ноябрда 8—13 даража совуққача пасаяди. Йўлда қор уюмлари, музламалар ҳосил бўлади.
Об-ҳаво кескин совиб кетиши натижасида йўлларда келиб чиқиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида Транспорт вазирлиги вилоятлараро юк ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган корхона раҳбарлари ва ҳайдовчилардан автотранспорт воситаларининг техник ҳолатини доимий назорат қилиб боришини сўраб қолади.
«Қамчиқ» довони орқали ҳаракатланаётган ҳайдовчилардан ҳушёрликни янада оширишларини ва йўлларда тўхтаб, дам олишларини тавсия қиламиз.