Туризм элни дунёга танитади

– "Алпомиш" корхонаси ўрнида туристик марказ барпо этилади. Қарийб ўн тўрт гектар ҳудуд бугунги кунда текисланиб, қурилишга тайёрланмоқда, – дейди М.Восеев. – Бу ерда етти қаватгача бўлган 5-6 та меҳмонхона қад ростлайди. Жумладан, Корея ва Хитой услубидаги меҳмонхоналарга шу мамлакатлар сайёҳлари жойлаштирилади. Марказнинг Европа мамлакатлари меҳмонлари учун ўзларига хос услубда меҳмонхоналар, ресторан ва бошқа кўнгилочар масканлар, чоғроқ кўчалар, велосипедда сайр қилиш йўлаклари тикланади. Ҳам очиқ, ҳам ёпиқ чўмилиш ҳавзаси хорижий сайёҳлар учун хуш кайфият улашади.
Туристик марказ қурилишига маҳаллий ва хорижий инвесторлар жалб этилади. Марказ 1 миллион нафар сайёҳни жойлаштириш имконига эга бўлади.

– Чўпонота тепаликларида ҳам туристик иншоотлар барпо этилар экан. Улар нималардан иборат бўлади?
– Хушҳаво бу масканда туристик дам олиш зонаси ташкил этилади. Бу ерда асосан, икки қаватдан иборат уй-меҳмонхоналар қурилишига эътибор қаратилади. Коттежларга ўхшаш уй-меҳмонхоналарда хорижий сайёҳлар, зиёратга келган меҳмонлар учун зарур имкониятлар яратилади. Шунингдек, ресторанлар, умумий овқатланиш шохобчалари қурилади. Болалар учун аттракционлар, арчазорлар, сув ҳавзалари, спорт мажмуаси барпо этилади. 

– Спорт туризми хусусида қандай янгиликлар бор?
– Самарқандда эшкак эшиш канали мавжуд. Бу канал аҳамияти жиҳатидан дунёда учинчи ўринда туради. Ушбу каналнинг чап қирғоғида 10 гектар майдонда Осиё ҳамда халқаро ўйинлар ўтказиладиган спорт мажмуасини тиклаш режалаштирилган. Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда бунёд этиладиган, спорт туризми ривожига ҳисса қўшадиган мажмуада спортнинг бир неча тури, жумладан, сув спорти билан боғлиқ иншоотлар қад ростлайди. Ҳозирги кунда ҳамкорларимиз дастлабки сармоя сифатида 10 миллион доллар ҳажмда инвестиция киритди. Мажмуа учун камида 70-80 миллион доллар сармоя керак бўлади. Қурилиш учун келтириладиган ускуна-жиҳозларга мамлакатимизда имтиёзлар берилган. Бу эса қурилиш-монтаж ишларини жадал олиб бориш имконини яратади.
– Ўтган йилнинг охирида республика ишчи гуруҳи таркибида Малайзия ва Индонезия давлатларида хизмат сафарида бўлдингиз. Таассуротлар, амалий натижалар қандай бўлди? 
– Биз бу мамлакатга Президентимиз топшириғи билан бордик. Мақсад – Ўзбекистоннинг, шу жумладан, Самарқанднинг туристик салоҳиятини, хусусан, зиёрат туризмидаги имкониятларни намойиш этиш учун кенг тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш эди. 

Ҳозирги кунда Индонезия ва Малайзия давлатларидан Умра сафарига 2,5 миллиондан кўпроқ зиёратчининг асосан, Туркия, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа Яқин Шарқ давлатлари орқали бориши йўлга қўйилган. Ҳар ойда 300 минг зиёратчи 3-4 кун ушбу давлатларда қолиб, кейин Умра амалларини бажариш учун Саудия Арабистонига боришади. Малайзия Маданият ва туризм вазирлиги, Индонезия бош имом-хатиби, бошқа фирма ва уюшмалар билан ўтказган учрашувлар ҳамда музокаралар натижасида икки давлатда ҳам Ўзбекистон орқали ҳеч бўлмаганда 1 миллион зиёратчининг Ҳаж ва Умра сафарини ташкил этишга келишиб олинди.

Ушбу давлатлардан саёҳатчиларнинг Самарқанд ва Бухоро вилоятларига зиёратларини амалга оширишда ташкилий ишлар юзасидан берилган таклиф ва талаблардан келиб чиқиб, тайёргарлик ишлари бошланган. Шу йилнинг январь-февраль ойларида Самарқандга 10 мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюрди. 
Зиёрат туризмининг янада ривожланишида Туркия, Покистон давлатларидан келган меҳмонлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Мамлакатимизга зиёрат туризмига Ҳиндистонда яшайдиган мусулмонларни ҳам жалб қилиш юзасидан ушбу давлат элчихонаси билан иш олиб борилмоқда. Кўрилаётган саъй-ҳаракатларимиз ўзининг ижобий натижасини беради, албатта.

Суҳбатдош
Адҳам ҲАЙИТОВ.