Туркий давлатлар невролог олимлари Самарқандда тарқоқ склероз касаллиги муаммолари бўйича тажриба алмашмоқда
Самарқандда туркий давлатлар тиббиётчиларининг тарқоқ склероз касаллигининг долзарб муаммоларига бағишланган IV халқаро конгресси бошланди.
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ва Туркия, Шимолий Кипр, Россия Федерацияси, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларидан келган етакчи невропатолог, нейрореабилитолог, нейропсихолог, нейрореаниматолог, рентген-радиолог олимлар илмий-амалий маърузалари билан иштирок этмоқда.
- Конгрессни ўтказишдан асосий мақсад тарқоқ склероз касаллигини даволашда илғор технологияларни қўллаш, олимлар билан тажриба алмашиш ва уни амалиётда қўллаш, - дейди Туркий давлатлар ўртасида тарқоқ склероз бўйича изланишларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси президенти, профессор Демиркая Шереф. – Ўйлаймизки, мазкур конгресс ҳам тарқоқ склероз касаллигининг замонавий диагностикаси ва даволаш усуллари бўйича Ғарбий ва Ўрта Осиё давлатларидан келган олимлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва янгиликларни ўз давлатларининг даволаш-профилактика муассасалари амалиётига жорий этиш орқали касалликни даволаш натижаларини янада яхшилашга олиб келади.
Тарқоқ склероз касаллигининг долзарб муаммолари бўйича дастлабки конгресс 2019 йилда Туркиянинг Гулхане университети медицина факультетида туркий давлатларнинг мутахассислари иштирокида ўтказилган эди. Унда конгрессни ҳар йили Ғарбий ва Ўрта Осиё давлатларининг бирида ўтказилишга келишиб, махсус котибият аъзолари таркиби сайланган.
Конгресс 10 июнга қадар давом этади ва академик мобиллик доирасида ирсий мойилликка эга бўлган тарқоқ склероз касаллигининг муаммолари бўйича давра суҳбатлари, мунозаралар ўтказилиб, тажриба алмашилади.