Самарқандда Туркия капиталида 104 та корхона ташкил этилган

Ўзбекистон-Туркия. Қадим илдизлари бир бўлган бу икки давлат қардошлик, биродарлик туйғулари билан ҳам чарбарчас боғланган. Бу жиҳатлар савдо-иқтисодий, ижтимоий соҳаларда ҳам ўз аксини топган.

Туркия компаниялари ва маҳсулотлари дунёда етакчи ўринларни эгаллаган бўлса, Ўзбекистон бозори ўз инвестициявий жозибадорлиги билан жаҳонга танилмоқда. Буни юртимизда ташкил этилган қўшма ва хорижий корхоналарнинг аксариятида Туркия сармояси иштирок этганида ҳам кўришимиз мумкин.   

  

Вилоят инвестициялар, саноат ва ташқи савдо бошқармаси ахборот хизмати маълумот беришича, бугунги кунда вилоятда Туркия компанияларининг капитали иштирокида жами 104 та, шундан 48 та қўшма корхона ҳамда 56 та хорижий корхона фаолият юритиб келмоқда.

Жумладан, Туркия капитали иштирокида Паст Дарғом туманида “Panelsav” МЧЖ (сендвич панел ишлаб чиқариш), Самарқанд шаҳрида “KAPLANSER SAM”  (гилам ишлаб чиқариш), “SAM ANTEP TEXTILE GROUP” (текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш), “SAM-ANTEP-GILAM” (гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш), “ZARTEK DIALIZ MEDSERVIS” (тиббий хизмат кўрсатиш), Ургут туманидаги “IDEAL ELEKTRO LYUKS” (маиший техника ишлаб чиқариш) қўшма корхонаси мисолида ҳам кўриш мумкин.

2023 йилда 13 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида Туркия давлатидан жами 15,7 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. Жорий йил давлат инвестиция Дастурига мувофиқ, вилоятда Туркия давлати билан ҳамкорликда 2 та янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Йил якунига қадар ушбу лойиҳалар доирасида жами 2 миллион доллар хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилади.

Хусусан, Қўшработ туманида “ALIHAN ORGANIC AGRO LLC” МЧЖ хусусий корхонаси негизида “Лаванда гулини қайта ишлаш” лойиҳаси амалга оширилади ва 500 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя ўзлаштирилади.

Вилоятимиз ҳамда Туркия Республикаси ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар йўналишида ўтган 2023 йилда товар айланмаси 268,1 миллион долларни ташкил этди. Шундан 226,6 миллион доллар импорт ҳамда 41,5 миллион доллар экспорт амалга оширилди. Туркия давлатига қилинган экспорт маҳсулотлари асосан калава-ип, тўқимачилик, мева-сабзавотлар ва бошқа турдаги маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Шунингдек, Самарқанд шаҳри ва Туркиянинг Сакарья (2019 йил), Афёнкараҳисар (2022 йил), Конья (2023 йил) ҳамда Газиантеп (2023 йил) шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатиш юзасидан келишувларга эришилган.