Туркий давлатлар оқсоқоллари Кенгаши аъзолари Самарқандда жам бўлди

Ўтган йил 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитида ташкилотга аъзо давлатлар - Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон мамлакатлари раҳбарлари иштирокида туркий халқлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинган эди.

Тадбирлар доирасида Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити 2023 йил ноябрь ойида Қозоғистонда ўтказилишига келишилган. Мазкур тадбир олдидан эртага, 18 октябрь куни Самарқандда Туркий давлатлар оқсоқоллар Кенгашининг ўн тўртинчи йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган. Шу муносабат билан йиғилиш иштирокчиларидан иборат делегация Самарқандда жам бўлди.

Бугун иштирокчилар Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда мажмуаси ва Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди.

– Айни пайтда Туркий давлатлар ташкилоти раислиги Ўзбекистонда, - дейди Туркий давлатлар ташкилоти оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим. – Жорий йилнинг ноябрида Қозоғистонда ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити олдидан тарихий шаҳар Самарқандда йиғилдик. Мазкур саммитда оқсоқоллар кенгаши аъзоларининг ҳам иштирок этиши режалаштирилган бўлиб, эртага бўладиган тадбирда кенгаш фаолиятида бир йил давомида қилинган ишлар муҳокама қилинади ва хулосалар, таклифлар давлат раҳбарларига тақдим этилади.

Туркий давлатлар оқсоқоллар кенгаши аъзолари айни пайтда юртимизда давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ва дўстлик рамзи сифатида Самарқанд шаҳридаги Имом Восе маҳалласида дарахт кўчатлари экдилар.

– Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси Туркий давлатлар ташкилоти даражасида ҳам ташаббус сифатида олиб чиқилмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Содиқжон Турдиев. – Бугун бу эзгу ташаббуснинг мантиқий давоми сифатида Туркий давлатлар оқсоқоллар Кенгаши аъзолари билан биргаликда кўчат ўтқаздик. Иштирокчилар табиатни асраш ҳар биримизнинг вазифамиз, қолаверса бу дарахтлар келгусида “Дўстлик боғи” бўлсин деб ният қилишди.

Фазлиддин Рўзибоев.