Туркия Озарбайжонни жанг майдонида қўллашга тайёр эканини маълум қилди
Туркия Озарбайжонни музокаралар олиб боришда ҳам, жанг майдонида ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Мевлут Чавушўғлу маълум қилди.
“Биз масала (Тоғли Қорабоғ) тубдан ҳал этилишини хоҳлаймиз. Бунинг учун кўп ҳаракат қилдик, аммо муваффақиятсиз. Биз ҳар доим Озарбайжон билан бирга бўлдик - жанг майдонида ҳам, музокаралар олиб борилишида ҳам”, деди Чавушўғлу Анқарадаги Озарбайжон элчихонасига ташрифида.
Шунингдек, Чавушўғлу билан бирга Озарбайжоннинг Анқарадаги элчихонасига борган Туркиядаги ҳукмрон партия раҳбари ўринбосари Нуман Куртулмуш Туркия Озарбайжон муаммосини ўз муаммосидек қабул қилишини таъкидлади.
“Арманистон нотўғри ҳаракатларни амалга оширмоқда. Озарбайжонга уюштирилган ҳужумни биз Туркияга уюштирилган ҳужумдек баҳолаймиз. Биз қардош Озарбайжонга ёрдам бериш учун барча нарсага тайёрмиз. Охир оқибат у (Озарбайжон) ўзи жангда ғалаба қозонади”, деди Куртулмуш.