Туркияда Гермеснинг мармар ҳайкали топилди

Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой Аспендос қадимий шаҳридаги археологик қазишмалар пайтида Гермеснинг мармар ҳайкали топилганини маълум қилди.
“Аспендос қадимий шаҳрида олиб борилаётган археологик қазишмаларда Рим императорлик даврига оид Гермес ҳайкали топилди. Худди шу ҳудуддан Афродита ва Эроснинг бошлари, Артемида ва Немесисга тегишли ҳайкалларнинг парчалари ҳам чиқди”.
Таъкидлаш лозимки, Гермес юнон мифологиясида йўллар, савдо, меҳмондўстлик, дипломатия, мусобақалар ва астрономия худоси бўлиш билан бирга савдогарлар, сурувлар ва чўпонларнинг ҳимоячиси сифатида ҳам танилган.
Аспендосда қазиш ишлари 2024 йил бошланган бўлиб, қазиш ишлари жараёнида Гермеснинг мармар ҳайкали қадимий шаҳарнинг монументал фаввора харобалари орасидан топилган. Ҳайкал ўнг қўлида ҳамён, чап қўлида елкасидан пастга осилган ридоси билан таёқ ушлаб турган ҳолда тасвирланган. Унинг чап оёғи ёнида боши Гермес томон қаратилган қўчқор ҳайкалчаси бўлган.
Қазишмалар давомида парча-парча топилган ҳайкалнıнг деярли барча қисми қазиб олинган ва ҳайкал қазилмалар омборида бирлаштирилиб, бутун ҳолатга келтирилмоқда.
Пойдеворини ҳисобга олган ҳолда умумий баландлиги 1,65 метрга етадиган асар ўзининг услубий хусусиятларига кўра Рим империяси даври (милодий II аср охири — III аср боши) га тегишли.
Гермес ҳайкали топилган ҳудудда гўзаллик маъбудаси Афродита ва севги Худоси Эросга тегишли деб тахмин қилинган бошлар ҳам топилган. Ҳайкаллар ҳудудга хос бадиий услубда ишланганлиги ва даврнинг эстетик тушунчасини акс эттиргани кузатилган.
Зилола тайёрлади.