Турнанинг миннатдорчилиги

(Япон халқ оғзаки ижоди)
Қадим замонларда тоғ бағридаги бир қишлоқда камбағал чол билан кампир яшаган экан. Бир куни чол ўтин териш учун тоққа чиққанида бир турнанинг оёғи бамбукдан ясалган тузоққа илинган, тез-тез қанотларини қоқиб, чинқириб қийналаётганини кўрибди.
“Воҳ, бечора!”, деб чол тузоқни ечиб, турнани озод қилибди.
Турна озод бўлиши билан: “Коо, коо!” деб нола қилибди-да, хурсанд бўлиб, тоғ ортига учиб кетибди.
Eртаси куни кечқурун чол билан кампир тариқдан тайёрланган бўтқа еб ўтиришса, «тон, тотон» деган дарвозанинг тақиллаган овози эшитилибди. Ким экан бу, деб чол дарвозани очса, қаршисида нотаниш бир қизни кўрибди.
Қиз чолга йўлдан адашгани ва қоронғи тушиб қолганини айтиб, бир кеча тунаб қолишга рухсат сўрабди.
- Вой, бу жуда оғир ҳолат бўлибди-ку, - дея меҳрибон чол билан кампир қизни тунашга олиб қолибди.
Eрталаб қиз ҳаммадан олдин уйғониб, уйни супуриб, ўчоққа олов ёқиб, барча юмушларни чаққонлик билан бажарибди.
- Вой, узр, узр... - деб чол билан кампир хижолат бўлишса, қиз табассум билан:
- Йўқ, мен бу ишларни қилишни яхши кўраман, - дебди.
Шундай қилиб, қиз шу куни ҳам тунаб қолибди. Охири, у шу уйнинг фарзандига айланибди. Фарзандсиз чол билан кампир тасодифан чиройли, меҳнаткаш бир қизга эга бўлганидан қувонибди.
- Аммо қизим, сен уйингга қайтмасанг бўладими? - деб сўрабди улар.
- Шу ерда қоламан. Мен етимман, қайтадиган жойим йўқ, - дебди қиз.
Орадан бир неча кун ўтгач, қиз чолдан бозордан ип сотиб олиб келишини илтимос қилибди.
- Мен тўқиш билан шуғулланаман, лекин илтимос, мени кузатманг, - дебди у.
Шундай қилиб, у орқа омборга кириб, «кии, тонтон, кии, тонтон» товушлари остида тўқишни бошлабди. Тўқилган мато тайёр бўлгач, чол шаҳарга олиб бориб, уни жуда қимматга сотишга муваффақ бўлибди. Хурсанд бўлган чол қизга совға сифатида гулдан ясалган соч тақинчоқ олиб келибди.
- Раҳмат, - деб қувонган қиз уни сочларига тақибди.
- Яна тўқиб бераман, - деб қиз яна тўқишни бошлабди.
Бу иш жуда ғалати туюлибди. Чол билан кампир секингина қараб қўйишибди. Кўришса, омборда бир турна ўз патларини юлиб, уларни матога қўшиб тўқиб ётган экан. Шунинг учун мато жуда чиройли чиқаётган эди.
- Вой, бу ўша турна-ку! - деб беихтиёр чол бақириб юборибди.
Шунда турна «коо-коо» деб нола қилганча, тоғ томонга учиб кетибди. Орқада эса, фақат битта гулдан ясалган соч тақинчоқ ерга тушиб ётар эди.
Япон тилидан Рухшона ЭРКИНОВА таржимаси.