Тут ёки очарчиликда одамларга ҳаёт берган мевали дарахт ҳақида ҳикоя

Болтанинг овозини эшитиб Шодмон бува ҳовлига чиқди. Ўғли Самат шохлари тарвақайлаб кетган қари тутни кесишга киришганди.
- Ҳой, болам, тўхта! Нима қиляпсан?
- Анча ерни эгаллаб ётибди, кесиб, ўрнига уч-тўрт туп бошқа мевали дарахт экмоқчиман.
- Кесма! – Ўғлини қайтарди Шодмон бува. – Соясида болаларинг ўйнаб меваси, тут майизи, шиннисини еб катта бўляпти.
Шодмон буванинг хаёлида ўтмиш хотиралари гавдаланди.
...Уруш йилларидан олдин эди. У тутни кесмоқчи бўлганида раҳматли отаси йўл қўймаганди.
"Очарчилик йиллари бизни мана шу тут сақлаб қолганди, - деганди отаси. – Беш-олти ёшар бола эдим. Кўчада ўйнаб уйга келсам онам бояқиш укамнинг бошида йиғлаб ўтирибди. Очликдан ўт еб, шишиб кетган укам шифтга қараб унсиз термулиб ётибди. Ўлганини ҳам, тириклигини ҳам билиб бўлмайди. Бир пайт лаблари зўрға қимирлаб тамшанди: - Нон! - Онам токчада кеча қаердандир топиб келган озгина арпанинг қипиқли кепагига ўт аралаштириб, қозонда пишириб олган қотирмадан бир бурда токчага яшириб қўйган экан. Олиб иккига бўлди-да, бир бўлагини менга, бир бўлагини укамнинг оғзига тутди. - Ма, болам, е! Ҳадемай тут пишади, тўйиб-тўйиб ейсанлар. - Укамдан садо чиқмади. Кўп ўтмай тут пишди. Онам тут майиз қилди, шинни пиширди. Аммо... Аммо укам..."
Шодмон буванинг хира кўзлари ёшланди. Бўғзига йиғи тиқилиб гапиролмади.
Самат болтани ташлади. Отасига ачиниб уни юпатди.
- Майли, кесмаймиз, ота!
Тоғаймурод Шомуродов.