Тут пишди. Бу мева уруш йилларида минглаб одамларни ўлимдан асраб қолган

Бугунги кунлар тут айни пишган, ҳосили мўл бўлган пайт. Кеча аср намозидан чиқсам, саксон-саксон беш ёшга кирган боболар ердан тутларни териб, пуфлаб тозалаганча еяётган экан. Бу ҳолатни кўриб болалигимда бобом айтиб берган воқеа эсимга тушди.
“Уруш… Озиқ-овқат танқис, борда бор, йўқда бир бурда нон тугул, буғдой ҳам, мева-чеваям йўқ, - деганди ўшанда бобом. - Кўз олдимизда ёш болалар, аёллар очликдан нобуд бўлиб кетди. Тирик қолиш ё боласига егулик топиб келиш учун ким шаҳарга кетган, ким ўғирлик қилиб қўлга тушган… Ҳовлимизда икки тупгина оқ тут бор эди. Аллоҳнинг одамларга ризқ беришини қаранг: бир ҳосил берди-бир ҳосил берди, бир қишлоқ одам ҳар куни устига чиқиб еб ҳам адо қилолмади. Ўзиям салкам 1 ой мева солди: бугун еб тугатсак, эртаси кун оппоқ, ширин тут яна маржондай тизилиб туради. Биз бу тутни бировдан қизғанмадик. «Одамдан азиз бўптими, уруш кўпга келган тўй, насиб қилгани еб, кунини ўтгазганига шукур», дерди онам… Ҳа, кўпни боқди бу оқ тут… Қишлоқда оғзи тегмаган киши қолмади”.
...Бугун тонгда масжид олдидаги тутдан бир момонинг ҳам ердан тутларни териб еяётганини кўриб, бобом айтган воқеа яна кўз олдимда гавдаланди. Онахон, табиийки, оч қолганидан эмас, тутнинг қадрига етганидан, у очарчилик пайтларда минглаб одамларни ўлимдан асраб қолганини билганидан ашу ишни қиляпти.
Кексалар ҳар йили тутдан бир тўйиб ейиш шарт, дейишади. Чунки у қонни тозалайди, тут шинниси эса кўпгина касалликларга даво, малҳам, дармон. Муҳими, тут дарахти тезда вояга етиб, ҳосилга кириб меваси тез ҳазм бўлади.
Тут жуда фойдали дарахт - ипак қуртлари унинг баргидан озуқланади, натижада табиий ипаклар ҳосил бўлади. Шунингдек, тут сояси салқин, танаси ҳамда яшил барглари ҳамиша соф кислород чиқаради. У нафас йўлларини даволайди, меваси тотли, ўзи манзарали ва хосиятли. Ҳовлингиз тор бўлса-да, бир тупгина бўлса-ям тут экишни унутманг!
Абдусалом Қувондиқов,
СамДУ илмий ходими.