Тутуми йўқда унум бўлмайди

Бир куни ёш раҳбар ўз фаолиятидан нолиб қолди:
- Куйиб-пишиб ишлайман, тиним билмайман, катталар буюрган ҳамма ишни уддалашга интиламан, лекин нуқул камчилик топишади...
Мен ундан “қатъий тутумингиз, иш услубингиз борми?” деб сўрадим. У табиийки, иш режаси мавжудлиги, ҳар ҳафта ходимларидан топшириқларни сўраб туришини айтди.
Бу тутум эмас, хизмат вазифасини бажариш йўлидаги ҳаракат эканлигини айтиб, ундан шахсий иш режасини, яъни ўз иш вақтини қандай тақсимлашини сўрадим. Минг афсуски, бундай тартибдан хабари йўқ экан. Ёш раҳбар “Янги газета-журнал ўқийсизми, замонавий раҳбарлик услубларини кузатасизми?”, деган саволимга ҳам аниқ жавоб бера олмади. Кейин унга ҳар бир раҳбар иш вақтини тўғри тақсимлаши, ҳеч бўлмаганда, бир ҳафталик иш фаолиятини аниқ белгилаб олиши зарурлигини тушунтирдим. Бундан ташқари, топшириқни ижро муддатидан сал олдин сўрашни ўрганиши, кундалик фаолиятини мониторинг қилиб бориши ва ҳар қандай ҳисоботга тайёр туришини таъминлашини айтдим.
“Тутум” деган сўзни кўпчиликка тушунарли бўлсин учун иш услуби, шаклланган тартиб-интизом деб изоҳласак, маъқул деб ўйлайман. Тутум - ўйлаб, режа асосида қилинадиган иш жараёни. Тутум уйда, оилада шаклланади. У худди фаросат каби ота-онадан, наслдан ўтадиган одат. Уни илм, диплом билан ўрганиб, ўзлаштириб бўлмайди.
Келинг, фикримиз исботи учун ён-атрофимизда кўриб турганларимизга бир назар ташлайлик.
Меҳмонликка борганда, дарвозадан киргандан ҳовли ёки уйдаги саранжом-саришталикка кўзингиз тушади. Баъзан яқин орада супурги тегмаган ҳовли, дор ва дарахтга, устунга осиб қўйилган нарсалар, айниқса, ошхонада ювилмаган идиш-товоқлар ва улардан “таралаётган” ҳид таъбингизни хира қилиши табиий. Сиз беихтиёр уй эгаси ва бекасининг иш тутумига баҳо берасиз. Дарвоқе, бизда келин танлашда, энг аввало, у яшайдиган ҳовлининг супурги ва ҳокандозига қараб баҳо беришган. Чунки бу тутум ўша қизнинг келгусидаги ҳаётида ҳам амал қилишини билишган.
Эркаклар учун ҳам тегишли бу ҳол. Ота уйдагиларни огоҳлантирмасдан меҳмон етаклаб келади. Хотини ва болаларини бесаранжом қилиб, уларга дарҳол дастурхон тузашни айтади. Уйда йўқ таомларни топиб келишни буюради, кийимларини дуч келган жойга ташлайди. Меҳмон шу хонадонга бемаврид келганига пушаймон қилади.
Йўқ, бу тасодифий ҳол эмас. Дўстлар учрашиб қолганда самимий дийдордан хурсанд бўлиб, бирга келди, деб ўйламанг. Бу - уйига меҳмон олиб келган кишининг тутуми. Баъзан меҳмон олдида нонни ушатишга, чой қуйишга, бўшаган идишларни олишга болаларини жалб қиладиганларни кўрамиз. Уларнинг тутуми шунақа. Кибр, фаросатсизлик шу кўйга солган.
Энг ёмони, оиладаги тутум ҳамма ерда одамга ҳамроҳ бўлади. Шу сабабли ишхонаси сариштасиз раҳбарларни кўрсам, уларнинг рўзғордаги ҳолатини тасаввур этаман. Ёки аксинча, атрофи обод ва чиройли идорага, шинам, озода иш хоналарга кирганда, ўша идора раҳбарининг отасига раҳмат дейман. Чунки уни ота-онаси болалагидан шу тартибга ўргатган.
Ташкилотларда ҳам турлича ҳолга дуч келамиз. Айрим ходимлар иш кабинетининг ҳавосини тозалаб, стол устини йиғиштириб, эртанги режани ёзиб қўйиб, кейин уйига кетади. Айримлари эса аксинча, ўз ҳолича, ҳатто компьютерини ўчирмасдан хонани қулфлаб кетади.
Тутумни ички интизом ҳам дейиш мумкин. Интизомсиз, яъни пала-партиш ёки фақат юқорининг топшириғини бажариш учунгина елиб-югуриш эса ишда унум, ҳаётда барака бермайди.
Фармон Тошев.